Ўзбекистон | 23:28 / 09.11.2022
42688
2 дақиқада ўқилади

Президентнинг тадбиркорларга бир қанча енгилликлар берилган фармони имзоланди 

Президент Шавкат Мирзиёев «Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. 

Унда тадбиркорлар учун бир қанча имтиёз ва енгилликлар назарда тутилган. 

Жумладан, тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш воситалари тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқариладиган ва реализация қилинадиган товарлар, бажариладиган ишлар, кўрсатиладиган хизматларнинг инсон ҳаёти ва соғлиғи учун хавфсизлигини, унинг қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шунингдек, давлат хавфсизлигини таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида фақат норматив-ҳуқуқий ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар асосида жорий этилади. Бундай ҳужжат ҳисобланмаган ҳужжатларда белгиланган тартибга солиш воситалари ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди. 

Шунингдек, 2023 йил 1 январдан қуйидагилар бекор қилинади: 

- тадбиркорлик субъектининг устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинганда кредиторларни ёзма равишда хабардор қилиш ва оммавий ахборот воситаларида бу ҳақида эълон бериш; 

- янги импорт автомобилларини сотиш фақат юридик шахслар – ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг расмий дилерлари томонидан амалга оширилиши; 

- электр энергиясини электр таъминоти шартномасида белгиланган ҳажмлардан (ойлик шартномавий миқдордан) ортиқча истеъмол қилган юридик шахсларга электр энергияси етказиб беришни тўхтатиб қўйиш; 

- якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёлланган ходимларни Ягона миллий меҳнат тизимида ҳисобга олиш орқали давлат солиқ хизмати органларида алоҳида ҳисобга қўйиш. 

Бундан ташқари, 2023 йил 1 мартдан солиқ тўловчиларга солиқ органларининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарорлари устидан тўғридан-тўғри судга шикоят қилиш ҳуқуқи берилади. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид