Жаҳон | 22:58 / 09.11.2022
39934
8 дақиқада ўқилади

Россия Херсондан чекинмоқда. Асосий маълумотлар

Россия босқин бошидан буён эгалланган ягона вилоят марказини ташлаб кетишга мажбур. Ҳолбуки «бу ерга абадийга келишгани»га ишонтиришганди.

Wolfgang Schwan / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press

Россия қўшини Херсондан чекинади. Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу шундай буйруқ берди. У Херсон областида Днепр дарёсининг ўнг соҳилидаги ҳарбий техника ва шахсий таркибни олиб кетишни буюрди. Херсон айнан ўнг соҳилда жойлашган. «Қўшинларни олиб чиқишга киришинг ҳамда техникалар, қуроллар ва шахсий таркибни Днепр дарёсининг бу соҳилига хавфсиз ўтказиш учун барча чораларни кўринг», — дейди Шойгу.

Шойгу Украинадаги Россия қўшинлари қўмондони, генерал Сергей Суровикиннинг таклифига розилик билдирган ҳолда чекинишга буйруқ берди. 9 ноябр куни генералнинг Шойгуга ҳисоботи Россия телевидениеси жонли эфирида трансляция қилинди. Суровикин ҳозирги вазиятда Херсонни тўлақонли таъминлаш имконсизлиги ва Днепрнинг чап соҳили бўйлаб мудофаа чизиғи ташкил этиш мақсадга мувофиқ эканини айтди.

Суровикин дарёнинг ўнг соҳилидан чап соҳилига чекиниш аскарлар ҳаётини ҳам сақлаб қолишига урғу қаратди. «Бунинг жуда қийин қарор эканини тушунаман. Шу билан бирга, биз, энг муҳими, ҳарбийларимизнинг ҳаёти ва қўшинлар гуруҳининг умумий жанговар қобилиятини сақлаб қоламиз. Бундан ташқари, куч ва воситаларнинг бир қисми операция зонасининг бошқа йўналишларидаги фаол ҳаракатлар, шу жумладан ҳужумкор ҳаракатлар учун озод қилинади», деди у.

Шойгу унинг фикрига қўшилди. «Биз учун россиялик ҳарбий хизматчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи доимо биринчи ўринда туради. Биз тинч аҳоли учун юзага келган таҳдидларни ҳам ҳисобга олишимиз керак», деган Шойгу.

Россия қўшинлари Днепрнинг чап соҳилига ўтган тақдирда, бутун Миколайив области яна Украина назоратига қайтади. Ҳозиргача россияликлар ушбу областнинг 4 фоизи ёки минг квадрат километр атрофидаги ҳудудни назоратида сақлаб қолаётганди. Миколайив области раҳбари Виталий Ким бу хабарлардан кейин шундай деди: «Агар руслар нимадир деяётган бўлса, демак аксини қилишади!» Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михайло Подоляк ҳам РФ қуролли кучларининг реал ҳаракатларини кутишга чақирди. «Украина байроғи Херсон устида ҳилпирамас экан, РФ чекинаётгани ҳақида гапиришдан маъно йўқ. Биз Россия Херсондан жангсиз чиқиб кетишига ишора қиладиган ҳеч қандай нишона кўрмаяпмиз. Ҳудудда жуда кўп рус қўшинлари бўлиб турибди, қўшимча захиралар юборилмоқда. Украина ҳудудни ташкиллаштирилган телебаёнотларга эмас, ўз разведка маълумотларига таянган ҳолда озод қилади», деб ёзди Подоляк.

Россияликлар ташлаб кетаётган ҳудуд

Рамзан Қодиров ва Евгений Пригожин Россия Херсонда ортга чекинганини тўғри қарор деб атади. «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси раҳбари Евгений Пригожин  Сергей Суровикиннинг аскарлар жонини сақлаб қолиш учун Херсондаги кучларни Днепр дарёсининг нариги соҳилига олиб ўтиш бўйича таклиф тўғри қарор бўлганини эътироф этди. Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Пригожиннинг фикрини қўллаб-қувватлаб, «баландпарвоз баёнотлардан кўра ҳимояланиш учун қулайроқ позицияга ўтиш» яхшироқ эканини айтди.

Чекиниш ҳақида эълон қилинишидан олдин РФ армияси Днепр узра ўтган кўприкларни портлатгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Херсон области кенгаши депутати Сергей Хлан 9 ноябр куни россияликлар Днепрнинг ўнг соҳилига олиб ўтувчи бешта кўприкни портлатганини маълум қилди. Унинг фикрича, бу орқали РФ қуролли кучлари чекинишга тайёрланишга ва Украина қуролли кучларининг Днепрнинг чап соҳилига юриш қилишини секинлаштиришга қарор қилган. Украина ва Россия армияси кўприклар портлатилганини расман тасдиқламади.

Бундан ташқари, 9 ноябр куни Херсон областининг истило остидаги ҳукумати спикери — Кирилл Стремоусов ҳалок бўлгани маълум қилинди. У Россия томонидан тайинланган маъмурият раҳбари ўринбосари бўлган ва тез-тез региондаги вазият юзасидан чиқиш қилиб турган. Кўп ўтмай област маъмурияти  Стремоусов ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлганини тасдиқлади. Кейинроқ Стремоусовнинг ўлими унинг бошлиғи, област раҳбари Владимир Сальдо томонидан ҳам тасдиқланди.

Херсон Украинада 24 февралдан буён эгалланган ягона област маркази эди. РФ қуролли кучлари шаҳар марказига 2 март куни, босқин бошланганидан бир ҳафта ўтиб киришган. Кейинроқ амалдорлар ва куч ишлатар тузилмалар шаҳар мудофаасини ташкил этишда лоқайдлик қилишгани маълум бўлди. «Нима учун бундай бўлганини билмайман. Ҳарбийлар шаҳар атрофида жанг олиб боргани — бу 100 фоиз бўлган маълумот. Аммо маҳаллий ҳукумат фуқароларни шунчаки ташлаб кетишди», — деганди журналист Константин Риженко, у Херсон босиб олинганидан ярим йил ўтиб шаҳарни тарк этган.

Россиялик мулозимлар ва Херсон областининг Кремл томонидан тайинланган раҳбарлари Украина шаҳарни қайтариб олмаслигига ишонтиришганди. Хусусан, «Единая Россия» бош кенгаши котиби Андрей Турчак май ойида Херсонга келган ва шундай деганди: «Мен Херсон областига мурожаат қилиб, яна бир бор шуни айтмоқчиманки, Россия бу ерда бутунлайга қолади. Бунга ҳеч қандай шубҳа бўлиши керак эмас». Херсондан чекинилаётганига эса Турчак «Уруш ва тинчлик» асаридан иқтибос келтирган ҳолда муносабат билдирди — «Қалъани эгаллаш қийин эмас, кампанияда ғолиб бўлиш қийин».

Украина ҳукумати Херсон областини жанг қилиб қайтариб олишни ваъда қилганди. АҚШдан узоқ масофага аниқ зарбалар берувчи HIMARS тизимларини қабул қилиб олгач, Украина қуролли кучлари региондаги кўприкларни ўққа тута бошлади ва бу билан Россия қўшинлари таъминоти қийинлаштирилди. Шу билан бир вақтда Киев россиялик ҳарбийларга Херсонни «яхши ният қадами» сифатида (Россия бу уруш давомида аввалги чекинишларини шундай сўзлар билан ифодалаганди) тарк этишга чақирди. Август ойи охирида Украина қуролли кучлари Херсон областида қарши ҳужумга ўтганди, аммо Россия мудофаа вазирлиги бу юриш барбод бўлганини маълум қилди. Октябр ойи бошида ҳам украинлар бир неча йўналишда илгарилади ва ўнлаб аҳоли яшаш манзилларини озод этди, россияликлар Херсон области шимолини ташлаб кетишга мажбур бўлди.

Октябр ойи бошида Россия президенти Владимир Путин Херсон области ва Украинанинг босиб олинган бошқа ҳудудларини аннексия қилиш тўғрисидаги фармонини имзолади. Аммо шундан икки ҳафта ўтмасдан Украинадаги Россия қўшинлари қўмондони генерал Суровикин Херсон йўналишида «мураккаб вазият» юзага келгани ва бу борада «оддий бўлмаган қарорлар» қабул қилиниши мумкинлигини айтди. Ўшанда Херсон областининг Россия томонидан тайинланган маъмурияти Днепрнинг ўнг соҳилидаги тинч аҳоли «эвакуация»си бошланганини эълон қилди.

«Медуза» манбаларига кўра, ноябр ойи бошида Кремль Россия аҳолисини Херсондан чекинишга тайёрлаш ва «жамоатчилик фикри»ни шакллантириш бўйича кўрсатма берган. Кремлда россиялик тарғиботчилар учун бир қанча янги қўлланмалар тайёрлаган. Унда Херсондаги вазият ҳақида қандай гапириш бўйича кўрсатмалар бор. Ҳужжатларда Херсон – «махсус операциянинг ҳозирги босқичида Россия армияси учун энг қийин йўналиш» экани ва «россиялик ҳарбийлар тинч аҳоли ҳаёти ва шахсий таркибни асрашга интилиши», бу вақтда эса Киев «ўзининг ва рақибнинг минглаб жонларини қурбон қилишга тайёрлиги» айтилади. Шу билан бирга, «Медуза»нинг ёзишича, ноябр ойига келиб Украина қуролли кучлари қатор муваффақиятсиз ҳужумлардан кейин кутиш позицияга ўтган ва Херсонга юриш қилишни тўхтатган.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид