Беларусни ҳисобга олмаганда, Сербия Украинага босқинидан кейин Россияга қарши жорий қилинган кўп босқичли санкцияларга қўшилмаган ягона Европа давлатидир. Брюссел ва Вашингтон анчадан бери Белграддан санкцияларга қўшилишни очиқчасига талаб қилиб келади. Сўнгги пайтларда Сербия расмийларининг риторикаси аста-секин ўзгара бошлаган бўлса-да, ҳозиргача Белград «бир вақтнинг ўзида стулнинг икки тарафида ўтиришга» муваффақ бўлмоқда. Бу яна қанча давом этиши мумкин?

Керакли сўзларни айтиш баъзан шунчалик қийин бўладики, улар томоққа тиқилиб қолади ва ўша ерда айтилмай қолиб кетади.

Украинадаги уруш бошланганидан бери Европа Иттифоқи Россия, унинг ҳукумати амалдорлари ва президент Путинга яқин бўлган бошқа шахсларга қарши саккизта санкциялар пакетини маъқуллади. Худди шу даврда Сербияда сайловлар бўлиб ўтди ва мамлакатда янги ҳукумат ҳокимият тепасига келди.

Янги бош вазир Ана Брнабич ўзининг инаугурация маросимидаги нутқида Москвага қарши санкциялар қўллаш имконияти ҳақида бир оғиз ҳам гапирмади, гарчи бу савол сўнгги ярим йил ичида Белградга ҳам Ғарбдан, ҳам Шарқдан келган меҳмонлар томонидан қайта-қайта берилган бўлса ҳам.

Европалик ҳамкорларнинг эҳтиёткор дипломатик ишоралари аллақачон тўғридан тўғри чақириқларга ўз ўрнини бўшатиб берди.

«Сербия Европа Иттифоқининг ташқи сиёсатига қўшилишга ҳаракат қилиши ва Россияга қарши санкциялар киритиши керак», деган Европа Иттифоқининг кенгайиш масалалари бўйича комиссари Оливер Вархельджи ўз ҳисоботида.

Агар Белград санкцияларга қўшилмаса воқеалар қандай ривожланади?

«Ҳозирча Сербия ўз ташқи сиёсатини Брюссел позициясига мослаштириш бўйича расмий мажбуриятга эга эмас», – дейди Белграддаги Европа тадқиқотлари институти сиёсатшуноси Петар Милутинович.

Бир томондан, Европа Иттифоқи аъзолигига номзод бўлган ҳар қандай давлат (Сербия эса Европа Иттифоқига аъзо бўлиш амалиётини бошлаган ва расмий номзод мақомига эга) биринчи навбатда ўз дипломатияси ва мудофаа инфратузилмасини Брюсселнинг қатъий талабларига мувофиқлаштириши лозим.

Бошқа томондан, тасдиқланган тартиб-қоидаларга кўра, Европа Иттифоқининг ташқи сиёсати ва жамоавий Европа хавфсизлиги бўйича юзага келиши мумкин бўлган келишмовчиликлар кейинроқ, интеграция жараёнининг олтинчи босқичида ҳал қилиниши керак. Сербия эса расман ҳали бу босқичга боргани йўқ.