Жаҳон | 07:21 / 11.11.2022
13260
6 дақиқада ўқилади

«Иккинчи Мариупол бўлишидан қўрқяпмиз ва Украина кучларини кутяпмиз» - Херсон аҳолиси

Фото: ukrinform

Россия Мудофаа вазирлиги рус қўшинларини Херсондан Днипронинг чап қирғоғига олиб чиқиш бошланганини эълон қилди. Киевда бундай баёнотлар вазминлик билан қабул қилинди. Шаҳарда қолган аҳоли DW нашрига Херсондаги вазият ҳақида айтиб берди.

Россия Мудофаа вазирлиги Россия қўшинларини Херсондан Днипронинг чап қирғоғига олиб чиқиш учун «манёвр» бошланганини расман эълон қилди. Киевда бундай баёнотлар ўта вазминлик билан қабул қилинди. Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подолякнинг айтишича, Украина Россия Херсонни жангсиз тарк этиши ҳақида ҳеч қандай аломат кўрмаяпти. «Ru-гуруҳнинг салмоқли қисми шаҳарда қолмоқда, минтақага қўшимча захиралар жалб қилинмоқда. Украина уюштирилган телевизион баёнотларга кўра эмас, балки разведка маълумотлари асосида ҳудудларни озод қилмоқда», — деб ёзди Подоляк 9 ноябрь куни Twitter'да. Материал эълон қилинганида, Украина ҳарбий қўмондонлиги рус қўшинларининг Херсондан Днипронинг чап қирғоғига олиб чиқилиши ҳақидаги маълумотни на рад этишини, на тасдиқлай олишини билдирди.

Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Малярнинг айтишича, Россия оккупацион вакиллари Херсон вилоятидаги мобил қурилмалар тизимининг элементларини демонтаж қилмоқда ва одамларни алоқадан маҳрум қилиш мақсадида Wi-Fi роутерларини тортиб олмоқда. «Херсон вилоятининг аҳоли пунктларида душман тўғридан тўғри турар жой биноларида артиллерия ўқ отиш позицияларини жиҳозламоқда, муҳандислик ва мустаҳкамлаш ишларини олиб бормоқда, фуқароларнинг шахсий уйларини вайрон қилмоқда», — деди Маляр брифингда.

Михаил Подолякнинг фикрича, Россия чап қирғоқдан ўққа тутиб, Херсонни харобага айлантиришни режалаштирмоқда: «Россия Херсонни «ўлим шаҳри»га айлантирмоқчи. Россия ҳарбийлари қўлидан келган ҳамма нарсани миналаштирмоқда: квартиралар, канализация. Чап томондаги артиллерия шаҳарни харобага айлантиришни режалаштирмоқда. «Рус дунёси» шундай: келади, талон-торож қилади, нишонлайди, «гувоҳларни» ўлдиради, вайроналарни ташлаб кетади, тарк этади», деди Украина президенти девонининг маслаҳатчиси.

Херсонда кун бўйи барқарор мобил алоқа ва интернет алоқаси йўқлигига қарамай, DW бир неча Херсон аҳолиси билан алоқа ўрнатишга муваффақ бўлди. Уларнинг барчаси фақат анонимлик шарти билан гаплашишга розилик берди. Уларнинг аксарияти қўрққан ва умидсиз кайфиятда, чунки маълумотларга кириш имкони йўқлиги сабабли, ҳеч ким нима бўлаётганини ва нимани кутиш кераклигини тушунмаяпти. «Бизда ҳозир электр, сув, иссиқлик ва алоқа йўқ. Кечирасиз, лекин мен ҳеч қандай изоҳ бермайман, чунки улар бошимга бир марта қоғоз халта кийдириб қўйишди», деди украинапараст позицияси туфайли жабрланган киши.

Қолганларнинг катта қисми шаҳар Украина Қуролли кучлари (УҚК) томонидан озод қилинишини интиқлик билан кутмоқда, аммо рус қўшинлари шаҳарни осонликча шундай тарк этишига ишонмаяпти. «Интернетга уланиш фақат Днипро қирғоғида турганингизда мавжуд. Руслар ҳозиргина бизга яқинлашиб, эртага тушдан кейин шаҳарни тарк этиш мақсадга мувофиқлиги ҳақида огоҳлантиришди, чунки кечки овқатдан сўнг Херсонни ўққа тута бошлашади ва уни иккинчи Мариуполга айлантиришади. Уларнинг таҳдидларига ишониш ёки ишонмаслик, бу ҳар бир кишининг ўз иши. Лекин шаҳарда деярли ҳеч қандай оккупантлар қолмаган. Россиянинг «аквафрешлари» олиб ташланган, ҳозир Херсонда Россия байроқлари ҳам йўқ. Украина Қуролли кучларини кутмоқдаман», - дейди херсонлик Татяна.

Унинг сўзларига кўра, 8-9 ноябрь кунлари Россия оккупацион ҳокимияти томонидан уюштирилган «эвакуация» расмий равишда якунланди, аммо шаҳарни Днипронинг чап қирғоғида жойлашган Скадовскка мустақил равишда тарк этишга ҳаракат қилаётган херсонликлар бор, у ердан эса Россия томонидан аннексия қилинган Қрим орқали Европа мамлакатларига чиқиб кетиш мумкин, аммо ҳозир бу жуда хавфли ва деярли имконсиз.

Херсондаги фуқаролар ҳозир оддий нарсалар етишмаслигидан азият чекмоқда. Коммунал хўжалик муҳандиси Романнинг айтишича, ҳозир кўп қаватли уйларда иситиш йўқ, газ таъминотида узилишлар бор, 9 ноябрдан 10 ноябрга ўтар кечаси электр энергияси ўчган. «Аммо Марказий бозорда баъзи дўконлар ҳали ҳам очиқ. Микроавтобуслар шаҳар бўйлаб юришда давом этмоқда. Урушдан олдин шаҳар сотиб олган катта коммунал автобусларни, афсуски, руслар «чап қирғоққа» эвакуация қилиб кетди», дейди Роман.

«Ҳозирда ҳудудга қараб электр энергияси вақти-вақти билан ўчяпти, интернет ҳам шундай», деди DW нашрига таълим муассасаларидан бирининг хўжалик мудири Сергей. - Кўп қаватли турар жойларда Украина телевидениесини кўриш имконияти пайдо бўлди. Россия ҳарбийлари шаҳарда анча камайган, бироқ ноаниқлик максимал даражада кучайиб кетган». Сергейнинг сўзларига кўра, Херсон чеккасида «шовқин ортиб бормоқда», яқин-атрофда мунтазам равишда портлаш овозлари эшитилмоқда ва бу Украина Қуролли кучлари тез орада шаҳарни озод қилишига умид уйғотяпти.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид