Ўзбекистон | 03:22 / 11.11.2022
14441
3 дақиқада ўқилади

Ражаб Тоййиб Эрдўған: Имом Бухорий номидаги мукофотни олишдан улкан шараф ва ғурур туяман

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президентининг фармони билан Туркия Республикаси президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған «Олий даражали Имом Бухорий» ордени билан мукофотланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Туркий давлатлар ташкилотининг Самарқандда ўтадиган саммити доирасида мазкур мукофотни топшириш маросими бўлди.

Икки раҳбарнинг ҳам Имом Бухорий ҳазратларига ҳурмати жуда юқори. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан аллома мақбараси ёнида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис мактаби ташкил этилган. Ш.Мирзиёев бу ҳақда 2017 йили БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида сўзлаганида, Туркия президенти «бу юксак минбардан Имом Бухорий ҳазратларининг мўътабар номи биринчи марта янгради», дея мамнун бўлган эди, деб ёзади президент расмий сайти.

Бу йил президент Ш.Мирзиёев таклифига кўра, Ўзбекистоннинг «Олий даражали Имом Бухорий» ордени таъсис этилди. Бу мукофот билан илм-маърифатни ривожлантириш, ислом олами мутафаккирлари меросини ўрганиш ва кенг тарғиб қилишдаги алоҳида хизматлари учун олимлар, тадқиқотчилар, адиблар, шунингдек, хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари тақдирланади.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Ушбу олий орден Сизнинг ислом маърифатини кенг ёйиш, дунë миқёсида мусулмонларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, умматимизнинг бирдамлиги ва фаровонлигини таъминлаш, диний бағрикенгликни қарор топтириш, ёшларни эзгулик руҳида тарбиялаш йўлидаги улкан ишларингизнинг муносиб эътирофидир», – деди Ш.Мирзиёев тақдирлаш маросимда ва Ражаб Тоййиб Эрдўғанга мукофотни топширди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Туркия Президенти буюк муҳаддис номидаги орденни олишдан бениҳоят мамнун эканини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Ҳадис ва фиқҳ илмининг чўққиси бўлган Имом Бухорий номидаги бу қимматли мукофотни олишдан улкан шараф ва ғурур туяман. Шавкат Мирзиёевни илк таниган пайтларимдан буён Имом Бухорий меросидан намуналар келтириб сўзлагани учун менда қардошимга фарқли бир ҳурмат-муҳаббат пайдо бўлган. Унинг саъй-ҳаракатлари билан Самарқандда илм даргоҳлари қурилди, Туркия ва Ўзбекистон олимлари яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Бу орденни халқларимиз ўртасидаги азалий ва абадий қардошликнинг, ҳамма соҳада ривожланиб бораётган муносабатларимизнинг кучли рамзи сифатида қабул қиламан. Ўз номимдан ва миллатим номидан бу юксак эътибор учун Ўзбекистон Президенти ва халқига чин қалбимдан миннатдорлик билдираман», – деди Ражаб Тоййиб Эрдўған.

Фото: Президент матбуот хизмати
Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид