20:49 / 12.11.2022
9699

Twitter сохта аккаунтлар кўпайгани туфайли пулли верификацияни тўхтатди

Twitter платформаси ўзини глобал брендлар ёки таниқли шахслар сифатида тақдим этувчи сохта аккаунтлар пайдо бўлгани сабабли, верификацияни англатувчи ва ойига 8 доллар нархга эга «кўк белги» учун ариза олишни тўхтатди. 

Фото: Dado Ruvić/Reuters

Дастлаб, «кўк белги» фақат Twitter томонидан шахси тасдиқлаган фойдаланувчилар учун мавжуд эди. Аммо бир неча кун олдин платформа Twitter Blue хизматини жорий қилди. Шундан сўнг, исталган фойдаланувчи  $7,99 эвазига «кўк белги»ни олиши мумкин бўлди. 

The Washington Post (WP) маълумотларига кўра, инновациядан сўнг фойдаланувчилар сиёсатчилар (масалан, АҚШ президенти Жо Байден), машҳурлар, глобал брендларнинг сохта аккаунтларини яратиб, ёлғон хабарларни тарқата бошладилар. 

Масалан, АҚШ собиқ президенти Жорж Буш номига очилган сохта аккаунтда «Ироқликларнинг ўлдирилишини соғиндим» деган твит пайдо бўлди. Eli Lilly фармацевтика компаниясининг сохта аккаунтида бепул инсулин тарқатилиши ҳақида эълон чиқди. Қўшма Штатларда бу дорининг нархи юқорилиги туфайли, унга муҳтож бўлганларнинг ҳаммаси ҳам керакли миқдорни сотиб ололмайди. Компания зудлик билан ижтимоий тармоқ раҳбарияти билан боғланиб, муаммони ҳал қилишга уринмоқда. 

WP нашрининг ёзишича, сенатор Эдвард Марки Twitter эгаси Илон Маскка хат йўллаб, пулли верификация ҳақида саволлар берган. 

«Кўринишидан, Twitter платформасидаги верификациянинг сустлиги ва компания пулга муҳтожлиги сабабли, 8 доллар тўлаган ҳар кимса исталган одамига тақлид қилиши мумкин экан. Ҳақиқатни сотиш хавфли ва бунга йўл қўйиб бўлмайди», дейилади хатда. 

Дунёнинг энг бой одами Илон Маск октябрь ойи охирида Twitter платформасини 44 миллиард долларга сотиб олди. Шундан сўнг, верификация тизимига ўзгартириш киритиб, Twitter Blue пулли хизматини жорий қилди. 

Сохта аккаунтлар кўпайиб кетгач, Маск фойдаланувчилар ўз профилининг ҳазиломуз табиати ҳақида олдиндан огоҳлантириши кераклигини айтди. «Одамларни алдаш яхши эмас», — деб ёзди миллиардер ўз саҳифасида. 

Top