Путин Рамзон Қодировнинг хотинига «қаҳрамон она» унвонини берди
Россия президенти Владимир Путин биринчи марта «қаҳрамон она» унвонини бериш ҳақидаги фармонни имзолади.
Бу унвонни қўлга киритган биринчи икки аёл — Чеченистон раҳбари Рамзон Қодировнинг рафиқаси Медни Қодирова ва Ямал-Ненец автоном округида яшовчи Олга Дехтяренко бўлди.
Аёллар «Оила институтини мустаҳкамлаш ва болалар тарбиясидаги улкан хизматлари учун» унвонга сазовор кўрилди. Қўшимча равишда улар бир миллион рублга ҳам эга бўлишди.
Путин «қаҳрамон она» унвонини жорий этиш тўғрисидаги фармонни август ойи ўрталарида имзолаган эди. Ҳужжатга кўра, унвон 10 нафар ва ундан ортиқ болани туғган ва тарбиялаган Россия фуқароларига берилади.
Худди шундай унвон СССР пайтида 1944 йилдан бери мавжуд эди. Совет Иттифоқи парчаланишидан олдин уни 400 мингдан ортиқ аёл олган.
Расмий маълумотларга кўра, Рамзон Қодировнинг 14 нафар фарзанди бор. Унинг рафиқаси Медни Қодирова Ахмат Қодиров номидаги минтақавий жамоат фонди вице-президенти ва Чеченистон раҳбари котибияти раиси ўринбосари лавозимида ишлайди.