Жамият | 21:03 / 16.11.2022
14080
2 дақиқада ўқилади

Парижда «Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалари» кўргазмаси ўтказилади 

Франция пойтахтидаги кўргазмада ўзбек миллий тўқимачилик маҳсулотлари, либослар, безаклар, тарихий зардўзли чопонлар намойиш этилади. 

Парижда Араб дунёси институтида «Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалари» кўргазмаси ўтказилади. Тадбир 2022 йил 23 ноябрда бошланиб, 2023 йил 4 июнга қадар бўлиб ўтади.  

Кўргазмада XIX–XX аср ўрталарига оид миллий тўқимачилик маҳсулотлари, либослар, безаклар, Бухоро амирлиги даврининг зардўзли чопонлари, шунингдек, Ўзбекистон давлат музейлари коллекциясидан тўпланган Туркистон авангардига оид рангтасвир асарлар намойиш этилади.

 Бу ҳақда Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шуъба мудири Саида Мирзиёева хабар берди. 

«Мен ушбу кўргазма Европа жамоатчилигининг қизғин эътиборини қозонишига ишонаман. Унда Ўзбекистон ҳунармандларининг ажойиб ишларини намойиш этиб, анъаналаримиз ва қадимий санъат мактабларимиз ҳақида тасаввур уйғотамиз. Биз халқаро аудиторияга юртимизнинг бой меросини тақдим этишдан бениҳоя хурсандмиз. Умид қиламизки, ушбу лойиҳа халқларимиз ўртасидаги маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади ва шу орқали ўзбек миллатини бутун дунёга танитишда ўз ҳиссасини қўшади», деб ёзди Саида Мирзиёева. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид