Ўзбекистон | 20:18 / 17.11.2022
9581
2 дақиқада ўқилади

“337 та хонадон эҳтимолий хавф остида” – Ўзтрансгаз

Сирдарё ва Тошкент вилоятларида магистрал газ қувурлари муҳофаза майдонида 365 та қурилма бор. Уларнинг 337 таси аҳоли хонадони, 8 таси нотурар жой, 3 таси ишлаб чиқариш объекти. Ушбу бинолар қонунчилик талабларига зид равишда қурилган.  

Фото: Ўзтрансгаз

Ўзтрансгаз Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги магистрал газ қувурлари яқинидаги қурилмалар эҳтимолий хавф остида эканини маълум қилди. Ушбу қурилмаларнинг аксарияти аҳоли хонадонларидир.  

Таъкидланишича, Тошкент магистрал газ қувурлари бошқармаси диаметри 720-1220 мм бўлган 750 кмга яқин магистрал газ қувурларига хизмат кўрсатади. Бу қувурларнинг 370 км қисми эксплуатация муддатини ўтаб бўлган.  

Ҳозирда Сирдарё ва Тошкент вилоятлари ҳудудидан ўтган магистрал газ қувурларининг муҳофаза майдонларида мавжуд талабларга зид равишда қурилган 365 та қурилма бор. Уларни хавфсиз жойга кўчириш ҳақида эгалари огоҳлантирилган ҳамда суд органларига тақдимномалар киритилган. Жумладан, 192 та қурилмага суднинг ҳал қилув қарори чиқарилган. Лекин суд қарори ижроси таъминланмай келмоқда.  

Ҳудудлар кесимида таҳлил қилиб кўрилганда Қибрай, Янгийўл, Чиноз ва Олмалиқ шаҳри ҳудудларида магистрал газ қувурлари яқинида ноқонуний қурилишлар кўплиги аниқланган.  

Масалан, Қибрай туманида магистрал газ қувурлари яқинида 117 та қурилма бор. Уларнинг 113 таси аҳоли хонадони. Шу каби Янгийўл туманида 102 та, Чиноз туманида 23 та ва Олмалиқ шаҳрида 18 та хонадон хавфли зонада. Буларнинг аксарияти бўйича суд органларига тақдимномалар киритилган ва хонадонларни хавфсиз ҳудудга кўчириш бўйича суднинг ҳал қилув қарори чиққан.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид