Ўзбекистон | 11:00 / 10.12.2023
10448
3 дақиқада ўқилади

Электр ва иссиқлик таъминоти учун масъул бўлган икки муҳим объектга табиий газ етказиб бериш имкониятлари яхшиланди

Фото: «Ўзтрансгаз» АЖ

Айни кунларда Ўзбекистонда совуқ об-ҳаво ҳукмрон. Бундай пайтда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан кафолатли таъминлаш энергетика тизими ташкилотлари, хусусан, «Ўзтрансгаз» АЖ олдидаги асосий вазифалардан саналади.

«Шу мақсадда, электр ва иссиқлик таъминоти учун масъул ташкилотларга бир маромда, йўқотишларсиз, белгиланган ҳажмда табиий газ етказиб бериш мақсадидаги чора-тадбирлар айни кунларда ҳам давом этмоқда.

Жумладан, Тошкент иссиқлик маркази фаолиятини янада яхшилаш мақсадида оловли ишлар амалга оширилди. 2022-2023 йиллар куз-қиш мавсумида «Бинокор» газ тақсимлаш станциясидан Тошкент иссиқлик маркази тармоғига белгиланган прогнозга нисбатан кам табиий газ етказиб берилган. Бунинг асосий сабаби эса тармоқда бошқа истеъмолчиларнинг мавжудлиги эди», дейилади «Ўзтрансгаз» хабарида.

Шу кунларда «Ўзтрансгаз» АЖ томонидан олиб борилган ишлар натижасида иссиқлик таъминоти тармоғи бошқа истеъмолчилардан ажратилиб, иссиқлик марказига кўпроқ ҳажмдаги табиий газ етказиб бериш, шу орқали унинг фаолиятини янада яхшилаш имконияти яратилди.

Аввал хабар берилганидек, Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳри ва Боёвут туманлари ҳудудида қуввати 1500 МВт бўлган замонавий иссиқлик электр станцияси қурилди. Айни объектни табиий газ билан таъминлаш мақсадида жорий йилда «Ширин» газ тақсимлаш станциясида қатор тадбирлар амалга оширилди.

Жумладан, диаметри 1020 мм бўлган 4,7 километр узунликдаги газ қувури қурилди, станциянинг лойиҳавий қуввати оширилди. Шунингдек, иссиқлик электр станцияси учун жорий йилда 2 та газ тозалаш ускунаси, 2 та газ босимини ростловчи қурилма, диаметри 400 мм бўлган 3 та газ ўлчов мосламаси, етказиб берилаётган табиий газ сифатини янада яхшилаш мақсадида қўшимча равишда 2 дона табиий газни юқори даражада тозаловчи қурилма ўрнатилди.

Ҳозирги кунда мазкур ИЕСга бир маромда ва сифатли табиий газ етказиб бериш бўйича барча ишлар якунланган. Бу тадбирлар куз-қиш мавсумида табиий газ узатишда барқарорликка хизмат қилади.

Мавзуга оид