Ўзбекистон | 21:14 / 17.11.2022
10966
6 дақиқада ўқилади

Махсус иқтисодий зоналар имтиёз ундиришнинг янги воситасига айланиб қолдими?

2023 йил 1 мартга қадар янги 14 та махсус иқтисодий зона тузилиши мумкин. Шунда уларнинг умумий сони 36 тага етади. Бу зоналардаги тадбиркорлар 10 йилгача мол-мулк, ер, сув ресурслари ва фойда солиқларидан озод қилинган. “Ҳар бир вилоятда яна 100тадан корхона солиқ тўламаса, эгаси йўқ кичик бизнес ва қора халқ юкламани ўзига олади”, дейди иқтисодчи Отабек Бакиров.

Президентнинг “Йирик махсус иқтисодий зоналарни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси эълон қилинди.

Қарорда 2023 йил 1 мартга қадар бизнес учун барча шароит ва инфратузилмага эга ҳар бир вилоятда 100 тадан корхоналар учун йирик махсус иқтисодий зоналарни ташкил этиш чораларини кўриш кўзда тутилган.

Қуйидагилар йирик махсус иқтисодий зоналар асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгиланади:

  • ташқи бозорларда талаб этилаётган ва импорт ўрнини босувчи, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил қилиш учун тўғридан тўғри хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш;
  • вилоят ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятларидан комплекс ҳамда самарали фойдаланишни таъминлаш;
  • маҳаллий хомашё ва материаллар негизида мустаҳкам кооперация алоқаларини ўрнатиш ҳамда махсус иқтисодий зона иштирокчилари ўртасида ва умуман республикада саноат кооперациясини ривожлантириш асосида юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш;
  • вилоят ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан самарали фойдаланиш асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш, қайта ишлашни чуқурлаштириш ва уларнинг экспорт ҳажмини ошириш;
  • логистика хизматлари кўрсатиш замонавий инфратузилмасини шакллантириш, саноат соҳасидаги ишлаб чиқариш субъектларига улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспортини ташкил этишда кўмаклашиш;
  • ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва маркировка қилиш бўйича халқаро стандартларга мувофиқ илмий-ишлаб чиқариш марказларини ташкил этиш ва уларнинг хулосалари халқаро даражада эътироф этилишини таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш;
  • махсус иқтисодий зоналар соҳа кадрларига бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларидан келиб чиқиб, юқори малакали мутахассислар тайёрлашни ташкил этиш, уларнинг махсус иқтисодий зоналарда жойлашган ҳудуддаги ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиётини ўташида қатнашиш.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаевнинг маълум қилишича, жойларда саноат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва туризмга ихтисослашган 22 та махсус иқтисодий зоналар барпо этилган.

Мазкур зоналарда фаолият юритаётган тадбиркорлар 10 йилгача мол-мулк, ер, сув ресурсларидан ва фойда солиқларидан озод қилинади.

“Биз ушбу йўналишда минтақадаги энг илғорлардан бўлиш учун бу каби шароитларни такомиллаштиришни ҳамда шу орқали янги инвесторларни кенг жалб қилиш учун янада қулай муҳит барпо этишни давом эттирамиз”, дея таъкидлаган Хўжаев.

Зона иштирокчилари тўламайдиган солиқ юки бошқаларнинг елкасига тушадими?

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, махсус иқтисодий зоналар имтиёз ундирадиган воситага айланиб қолган.

“Йирик бизнес учун ҳукуматдан индивидуал имтиёз ундириш таннархни камайтириш ёки бозордаги рақобат кураши орқали натижага эришишдан кўра осонроқ. Махсус иқтисодий зоналар ва уларнинг резидентлари тўлиқ инвентаризация қилиниши зарур. Имтиёзлар қийматини ва натижаларини ўлчайдиган вақт келди. Давлат ишлаб чиқариш ё ишчи ўринлар яратиш билан эмас, инфратузилма ва рақобат муҳитини яратиш билан шуғулланиши керак. Солиқ юкининг баландлиги амалдаги солиқ ставкаларига боғлиқ эмас. Монополия шароитида ҚҚС пасайтирилиши нархларнинг пасайтирилишига олиб келмайди, бу монополистлар маржасини оширади холос”, дейди у.

Бакировнинг қўшимча қилишича, ҳар бир вилоятда яна 100тадан корхонага солиқ имтиёзлари бериладиган бўлса, солиқ юкламаси кичик бизнес ва қора халқ ҳисобидан қоплана бошлайди.

“Махсус иқтисодий зоналарга кириб олганлар мол-мулк солиғидан, ер солиғидан ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан озод қилинадилар. Шишириб кўрсатилган инвестицияларга қараб фойда солиғи ҳам тўламайдилар. ҚҚС бўйича қатор енгилликлар муҳайё қилинган. Улар учун бож тўламасликка имкон берадиган алоҳида режим амал қилади.

Махсус иқтисодий зоналар тузиш ва уларнинг резидентларига айланиш аллақачон коррупцион даромад манбаига айланиб бўлган. Зона резидентлигига, критерийларга жавоб бермаслик еттинчи даражали масалага айланган. Келишилса бўлди.

Ҳар бир вилоятда яна 100тадан корхона солиқ тўламаса, қолган юк кимга тушади? Ё пенсия беришни, ўқитувчига ойлик тўлашни, армияни кучайтиришни тўхтатиб турамизми? Кимдир ҳисобладими? Ҳокимнинг компаниялари солиқ тўламаса, ҳокимнинг дўстлари солиқ тўламаса, ҳокимнинг шериклари солиқ тўламаса, ҳокимнинг шотирлари солиқ тўламаса, табиийки, эгаси йўқ кичик бизнес ва қора халқ юкламани ўзига олади”, дейди иқтисодчи.

Маълумот учун, 2020 йилда “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги қонун кучга кирган. Унга кўра, махсус иқтисодий зоналар президент қарорига биноан, 30 йил муддатга ташкил этилади.

Қонунга асосан, махсус иқтисодий зоналар қуйидаги турда ташкил этилиши мумкин:

  • эркин иқтисодий зоналар;
  • махсус илмий-технологик зоналар;
  • туристик-рекреацион зоналар;
  • эркин савдо зоналари;
  • махсус саноат зоналари.

Ўтган ойда “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда ишлаб чиқилиши маълум бўлганди.

Мавзуга оид