Жамият | 12:55 / 17.11.2022
30600
7 дақиқада ўқилади

“Уйимни ёққан кимса маълум. Аммо терговчи уни ҳимоя қиляпти” – Навоийда уйи ёқиб кетилган аёл адолат изламоқда

Фото: KUN.UZ

2021 йилнинг 17 ноябрь куни Кармана тумани Боғишамол маҳалласида жойлашган, фуқаро Дилфуза Азимовага тегишли хонадон ярим тунда ёқиб кетилган. Ёнғин уйга катта миқдорда зарар етказган. Мулк эгаси бу ишни қилган шахс маълум эканини, аммо ИИБ ходимлари ишни ёпиб юборишга ҳаракат қилаётганини айтмоқда.

2021 йил 16 ноябридан 17 ноябрь кунига ўтар кечаси Кармана тумани Боғишамол маҳалласи Ал-Бухорий кўчасидаги хонадонлардан бирида ёнғин чиққан. Ўт ўчирувчилар ёнғинни бартараф этган. Аммо янги қурилган уйнинг катта қисмига зарар етган: том қисми бутунлай ёниб кетган.

Kun.uz’га мурожаат қилган уй эгаси Дилфуза Азимова бу ишни ўзаро адоват туфайли Д.Р. исмли шахс қилганини, аммо терговчилар негадир терговни тўхтатиб қўйишганини таъкидламоқда:

Фуқаро Д.Р.га Навоий шаҳридаги квартирамни ижарага берганман, оиласи билан турган. У уйни сотиб олишини, пулини маълум муддатда тайёрлаб беришини айтган. Бироқ белгиланган муддатда на ижара пулини тўлади, на уйни сотиб олди. Кейин уни квартирадан чиқариб юбордим. Шунинг устида келишмай қолдик: у менга ўлдириб кетиши, ҳовлимни ёқиб юбориши ҳақида таҳдидли хабарлар жўнатишни бошлади. Кўп ўтмай эса ҳовлимни ёқиб кетди.

 ИИБга мурожаат қилдим, менга жўнатган таҳдидли аудиоларини бердим. Дастлаб унга нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Аммо кўп ўтмай, дастлабки тергов тўхтатиб қўйилди. Шундан буён мурожаат қилмаган жойим қолмади, лекин натижа йўқ.

Бу ҳовлини қуриш учун ёлғиз аёл бошим билан 5 йил вақт сарфлаганман, 600 млн сўмга яқин маблағим кетган”.

Мурожаатчи тақдим этган ҳужжатларда кўринишича, хонадон ёқиб кетилганидан 1 ой ўтиб, 2021 йилнинг 16 декабрь куни Кармана тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси А.Мирзаев томонидан жиноят ишини қўзғатиш ва иш юритувга олиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Мазкур қарорда фуқаро Д.Р. ғаразли ниятларни кўзлаб, ўзганинг мол-мулкини қасддан нобуд қилиш мақсадида фуқаро Дилфуза Азимованинг Кармана тумани Боғишамол маҳалласи Ал-Бухорий кўчасидаги қурилиши тугалланмаган ва ҳеч ким яшамайдиган хонадонини ёқиб юборгани ҳамда унинг 325,7 млн сўмлик мулкини қасддан нобуд қилгани айтилади. Қарор билан фуқаро Д.Р.га нисбатан Жиноят кодексининг 173-моддаси (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) 2-қисми “б,в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Аммо орадан 15 кун ўтиб, 2021 йилнинг 31 декабрь куни терговчи А.Мирзаев қарори билан дастлабки тергов Жиноят процессуал кодекси 364-моддасининг 1-қисми 1-бандига асосан айбланувчи шахс аниқлангунга қадар тўхтатилган.

Дастлабки тергов қарорида уйни фуқаро Д.Р. қасддан ёқиб кетгани айтилган, бироқ терговни тўхтатиш ҳақидаги қарорда бу ишни номаълум шахс қилгани ва олиб борилган тезкор тергов ҳаракатларга қарамасдан жиноятчини аниқлаш имкони бўлмагани келтирилган.

Орадан 1 ой ўтиб, 2022 йилнинг 1 февраль куни терговчи ишни яна қайта тиклайди.

2022 йилнинг 5 август кунига келиб эса Навоий вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармасининг ўта муҳим ишлар бўйича терговчиси О.Бўронов томонидан жиноят иши бўйича дастлабки тергов Жиноят процессуал кодекси 364-моддасининг 1-қисми 1-бандига асосан такроран тўхтатилади. 

Уйнинг ёқиб кетилгани аниқ. Сабаби аввало хонадонга олов чиқиши мумкин бўлган табиий газ ва электр-энергияси ҳали тортилмаган бўлган. Қолаверса, суд экспертизаси хулосасига кўра, ёнғин ташқи ёнғин манбаининг бензин билан таъсирлашиб ёниши натижасида келиб чиққан. 

Суд экспертизасида келтирилган эслатма ҳам эътиборни тортади. Таъкидланишича, тўпланган ҳужжатлар орасида терговчи А.Мирзаевнинг 2021 йил 20 ноябрдаги 18/10594-сонли маълумотномаси бўлган. Унда терговчи “ҳозирги кунда ушбу ёнғин содир бўлган жой хонадон эгалари томонидан тозалаб ташлангани сабабли эксперт ушбу жойни кўздан кечириш имконияти мавжуд эмас”, деб маълум қилган.

Аслида эса ёнган уй 3 кун эмас, орадан 1 йил ўтса ҳам ўша ҳолатда турибди.

Терговчи А.Мирзаевнинг бу маълумотномаси ва аниқ шахсга нисбатан жиноий иш қўзғаб, жиноятни содир қилган шахс “аниқланмагани туфайли” терговни тўхтатиши унинг ҳаракатларини шубҳа остига қўяди.

Фуқаро Д.Р. эса Дилфуза Азимовага қилган таҳдидлари учун Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг 2021 йил 21 декабрдаги қарори билан майда безорилик учун маъмурий жавобгарликка тортилиб, унга 810 000 сўм жарима жазоси тайинланган.

Ҳужжатларда кўринишича, Д.Р. Дилфуза Азимовага 2021 йилнинг 12 ноябрь куни таҳдид қилган. Орадан 5 кун ўтиб, 17 ноябрь куни хонадон бензин ёрдамида ёқиб кетилган. Жабрланувчига кўра, воқеа жойидан бармоқ излари олинмаган, яқин атрофдаги кузатув камераларининг ёзувлари текшириб кўрилмаган.

Дилфуза Азимованинг тегишли органларга қилган мурожаатлари бесамар кетмоқда: вилоят прокуратураси ҳамда вилоят ИИБ Тергов бошқармаси томонидан бир хил мазмундаги жавоб хатлари бериляпти.

1 йил олдин содир этилган мазкур жиноят иссиқ изида фош этилмаган. Бугунга келиб эса уни очиш анча мураккаб. Агар ўша пайтда криминалистик замонавий техникалар, услублар қўлланганида балки жиноятни фош этиш имкони бўларди. Президент Шавкат Мирзиёев 14 ноябрь куни одил судловни таъминлаш борасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказган йиғилишида бежизга терговчилар ўз устида ишламай қўйганини эътироф этмади.

Чумчуқнинг ҳам уйи бузилмасин, деган гап бор. Бировнинг йиллар давомида қуриб битказган, ҳатто ҳали яшашга ҳам улгурмаган хонадонини кимдир ёқиб кетиши ва бу жиноятчини ИИБ “топа олмаётгани” ёки топишни истамаётгани аянчли. Умид қиламизки, Бош прокуратура ва ИИВ ушбу масалага эътибор қаратади ва адолат қарор топиб, айбдор қилмиши учун жазосини олади.

Kun.uz воқеалар ривожини кузатиб боради.

Руслан Сабуров,
Kun.uz мухбири

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид