Жаҳон | 16:59 / 18.11.2022
5119
2 дақиқада ўқилади

Хитой интернетдаги цензурани кучайтирди

15 декабрдан кучга кирадиган янги қоидалар сайт эгаларидан «зарарли» изоҳларни филтрлашни талаб қилади, акс ҳолда уларга бир қанча жазо чоралари хавф солади.

Фото: Reuters

Хитойнинг Интернет назорати ташкилоти 2017 йилда қабул қилинган «Интернет шарҳларини эълон қилиш хизматларини бошқариш тўғрисида»ги низомнинг янгиланган версиясини эълон қилди, деб хабар берди South China Morning Post.

Унга кўра, Хитой ижтимоий тармоқлари ва веб-видео платформалари янгиликлар билан боғлиқ барча изоҳларни интернетга жойлаштирилгунга қадар маъқуллаши ва «зарарли» контент чиқиб кетишининг олдини олиш учун цензурани кучайтириши лозим. Қоидалар 15 декабрдан кучга киради.

Мақсад «Интернетдаги янгиликлар ва шарҳларни тартибга солиш, миллий хавфсизлик ва жамоат манфаатларини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш», дейилади Хитойнинг Кибермакон бошқармаси (CAC) баёнотида.

Талаблар барча турдаги шарҳларни, жумладан, асл постлар, жавоблар ва видеога бериладиган онлайн шарҳларни ҳам қамраб олади.

Ушбу қоидаларни бузганлик учун сайтлар огоҳлантириш, жарима, шарҳ қолдириш функциясини ёпиш, ҳатто бутун фаолиятини тўхтатиб қўйиш билан жазоланиши мумкин.

Хитойдаги Weibo ва WeChat каби ижтимоий медиа платформаси операторлари ҳали янги қоидаларга муносабат билдирмади. Бироқ, аллақачон калит сўзлар бўйича хабар ва шарҳларни филтрлаш алгоритмларига эга. Шунингдек, бундай кўникмага эга янги операторларни ишга олишни бошлаб юборган.  

CAC янги регламенти Хитойда коронавирус сиёсати билан боғлиқ норозиликлар ортиб бораётган пайтда пайдо бўлмоқда. Сўнгги пайтларда оммавий чекловлар ва карантинлар туфайли, кўплаб одамлар ғазабини билдириш учун жонли эфир сайтлари ва ижтимоий тармоқларга мурожаат қилиб, чекловларни юмшатишни талаб қилаётган эди.

Мавзуга оид