Жаҳон | 07:24 / 19.11.2022
7581
2 дақиқада ўқилади

БМТ иқлим конференцияси яна бир кунга узайтирилди

Германия ташқи ишлар вазири Бербок Шарм ал-Шайхдаги конференция муваффақиятсиз бўлишининг олдини олишга чақирди. Унинг таъкидлашича, иқлимни муҳофаза қилиш бўйича баҳсли нуқталарнинг барини ҳал қилиб бўлади.

Фото: AP

Шарм ал-Шайхдаги БМТ халқаро иқлим конференциясидаги музокаралар расман шанба кунига қадар узайтирилди, деди форум раиси Самеҳ Шукри 18 ноябрь, жума куни. Унинг сўзларига кўра, бу тўхтаб қолган масалаларга ечим топиш учун зарур.

«Бугун биз бундан ҳам юқори тезликка ўтишимиз керак, чунки вақт биз томонда эмас», деди Шукри. Шу билан бирга, у музокараларни янада узайтиришга қарши чиқди. «Бу конференцияни эртага тартибли якунлаш менга топширилди», деди у. Аввалроқ, конференциянинг айрим иштирокчилари якшанба кунига ҳам музокаралар узайтирилишини истисно этмаган эди.

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок музокараларда регрессияга йўл қўйилмаслигини таъкидлади. «Ҳеч қандай натижадан ҳам ёмони, Глазго ва Парижда эришилган консенсусни юмшатиш, сусайтириш ёки бекор қилиш қарори бўлади. Биз Европа Иттифоқи сифатида бунга рози бўла олмаймиз», деди у.

Бербок келгуси кун учун музокаралар жуда қизғин бўлади, деган фикрни билдирди. «Ҳали боришимиз керак бўлган йўл бор, аммо агар биз барчамиз учун тараққиётга эришишда биргаликда ишлашга чин дилдан тайёр бўлсак, очиқ саволларнинг бари ҳал этилади», деди у.

Бербокнинг айтишича, глобал исишни саноатдан олдинги даражадан 1,5 даража пастгача чеклаш бўйича ҳаракатлар ҳали ҳам етарли эмас. «Ушбу конференция муваффақиятсизликка айланмаслиги керак», деди Германия ТИВ раҳбари.

Мавзуга оид