1939 йил сентябр ойида СССР фашистлар Германияси билан Полшани босиб олади. Сўнг «Молотов-Риббентроп пакти»га кўра улар бу давлатни ўзаро тақсимлаб олишади. Полшанинг шарқий қисми СССРга, ғарбий қисми Германия таркибига киритилади. 1940 йилда СССРдаги қамоқхона лагерларида кўп минг сонли поляк ҳарбий асирлари сақланаётганди. НКВД раҳбари Бериянинг ташаббуси билан улар отиб ташланади ва Смоленск ўрмонларидаги оммавий қабрларга кўмиб юборилади.

«Тарихни ғолиблар ёзади» – бу ибора илк марта қачон, ким томонидан айтилган бўлса ҳам билиб айтилган. Бунга исбот жуда кўп. Узоққа бормайлик, Иккинчи жаҳон уруши тугагандан кейин унинг асосий ғолиби бўлган СССР бу уруш билан боғлиқ тарихни ўзи хоҳлаганидай турли ёлғонлар билан талқин қилган. Мактабларда, олий таълимда ўша ёлғонлар ўқитилган, илмий ишлар ёзилган.

Ана шу ёлғонлардан бири СССРнинг Иккинчи жаҳон урушига 1941 йил 22 июнда Гитлер Германияси бу давлатга бостириб кирганидан кейин қўшилгани ҳақидаги гаплар. Аслида эса СССР Иккинчи жаҳон урушига Германия билан тузилган дўстлик ва иттифоқчилик шартномасига мувофиқ 1939 йил сентябр ойида қўшилган эди.

1939 йил 23 август куни Германия ва Совет Иттифоқи ўртасида ўзаро ҳужум қилмаслик шартномаси имзоланади. Шартномани ҳар икки давлатнинг ташқи ишлар вазирлари, Вячеслав Молотов ва Иохим фон Риббентроп имзолагани учун бу келишув тарихда «Молотов-Риббентроп пакти» деб аталади.

Вячеслав Молотов ва Иохим фон Риббентроп. 1939 йил Германия ва СССР ўртасида ўзаро ҳужум қилмаслик ҳақидаги келишув имзоланиши маросимида.

Ушбу шартномада ҳар икки давлат ўзаро ҳужум қилмаслик ҳақидаги келишувдан ташқари Шарқий Европадаги давлатларни тақсимлаб олиши ҳам белгиланганди. Ўша пайтда бу шартноманинг «Ўзаро ҳужум қилмаслик ҳақида»ги қисми эълон қилинади. Шарқий Европани ўзаро бўлиб олиш ҳақидаги қисми эса сир сақланади.

Шартномага кўра Болтиқбўйи давлатлари тўлиқ, Полша, Руминия, Венгрия ва Чехословакиянинг шарқий қисми СССРга, қолган қисми Германияга тегиши керак эди.

«Молотов-Риббентроп пакти» имзоланганига 10 кун ўтмасдан 1939 йил 1 сентябр куни Германия Полшага ҳужум қилади. Орадан икки ярим ҳафта ўтиб 17 сентябр куни шарқдан совет армияси ҳам Полшага бостириб киради ва 1939 йил 5 октябргача бу давлатнинг 45 фоиз ҳудудини босиб олади. Қолган қисмини Германия эгаллайди. Шу тариқа дунё харитасидан мустақил бир давлат йўқ бўлади.