«Урушни тўхтат, қўшинларни олиб чиқ» - Шолц Путинга очиқ мурожаат қилди
Германия канцлери «Россия тинчлик учун йўлни очиб бериши кераклигини» таъкидлади.
Германия канцлери Олаф Шолц Россия президенти Владимир Путинни Украинадан қўшинларни олиб чиқиб кетиш ва урушни тугатишга чақирди.
«Урушни тўхтат, қўшинларни олиб чиқ ва тинчлик учун йўлни очиб бер. Россия Украина олдига тинчлик шартларини қўя олмайди», деди Шолц Баден-Вюртембергдаги ГСДП партияси конференциясида.
Бундан ташқари, канцлер «ҳеч ким бошқа бировнинг ҳудудини ўзлаштириб олишига рухсат берилмаслигини» таъкидлади.
Аввалроқ, Германия биринчи IRIS-T ҳаво мудофаа тизимини Украинага топширган, у «жуда яхши» натижаларни кўрсатган эди.
Сентябрда Украина Германиядан Mars II ракета тизимлари ва Dingo зирҳли транспортёрларини олди. Шунингдек, мамлакат Украинага яна тўртта Panzerhaubitze 2000 ўзиюрар ускуна ва ўқ-дорилар жўнатилишини эълон қилди.
Шу билан бирга, Германия замонавий танкларни Украинага топширишга шошилмаяпти. Олаф Шолц Германия Leopard II танкларини Украинага юбормаслигини, чунки «уруш кўламининг кенгайишига» йўл қўймоқчи эмаслигини айтган.