Ўзбекистон инвеститициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев 24 сентябр куни “импортни оптималлаштириш, тармоқлараро ва ҳудудлараро саноат кооперациясини ривожлантириш” бўйича йиғилиш ўтказган.
Йиғилишда маҳаллийлаштириш дастурини амалга ошириш, Ўзбекистонда аналоглари ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар импортини камайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинган.
Kun.uz Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигидан импорти камайтирилиши режа қилинаётган маҳсулотлар рўйхатини сўради.
Вазирлик матбуот хизмати тақдим этган маълумотларга кўра, бу маҳсулотлар қаторида сув ва ичимликлар, лок-бўёқ маҳсулотлари, енгил автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар, йиғма қурилиш конструкциялари, марказий иситиш қозонлари, кондиционерлар, музлаткичлар, ўтказгичлар, электр иситкичлар ва қолиплар ишлаб чиқариш учун тайёр боғловчилар кабилар бор.
Вазирликнинг тушунтиришича, 2022 йилнинг январ-август ойларида импорт қилинган товарлар ўтган йилга нисбатан 20 фоизга кўп. Юқорида номлари келтирилган товарларнинг аналоглари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилади.
Асослантириш учун тақдим этилган маълумотларни Kun.uz жадвалга солди.

Бундан ташқари, вазирлик маълумотларида марказий иситиш қозонлари, йиғма қурилиш конструкциялари, кондиционерлар, музлаткичлар, ўтказгичлар, электр иситкичлар ва бошқаларни олиб кириш ва бошқалар билан ҳам худди шундай ҳолат кузатилгани қўшимча қилинган.
Бошқа товарлардан фарқли ўлароқ, бу турдаги товарлар бўйича импорт маълумотлари ва бозордаги ишлаб чиқарувчилар ҳақида ҳам маълумот берилмаган.
Вазирлик ахборот хизмати импорт қайси йўл билан камайтирилади – квоталар киритиладими ё маҳаллийлаштириш даражасини ошириш орқалими деган саволимизга жавоб бермади.
“Яқинда бу борада тадбир бўлади. Раҳбариятнинг айтишича, ҳали қарор лойиҳалари тайёр эмас экан. Ҳозирча бу саволларга жавоб бера олмаймиз”, – дея маълум қилди вазирлик ахборот хизмати вакили.
Шунингдек, импорти чекланадиган товар бозорларида рақобат қай даражада экани ҳам таҳлил қилинганми, деган саволимиз бир ойдан ошиқроқ вақтдан бери жавобсиз қолмоқда.









