ОАВ: Россия Эрон кўмагида дронлар ишлаб чиқаришни бошлаши мумкин
The Washington Post нашрининг ёзишича, Москва Теҳрон билан Россияда юзлаб УУА ишлаб чиқаришни бошлаш бўйича келишувга эришган.
Бир неча ҳафта давомида Украина шаҳарларини Эронда ишлаб чиқарилган учувчисиз учоқлар билан ўққа тутгандан сўнг, Москва Россияда юзлаб учувчисиз учоқларни ишлаб чиқаришни бошлаш бўйича Теҳрон билан норасмий келишувга эришди. Бу ҳақда 19 ноябрь, шанба куни АҚШ ва бошқа Ғарб хавфсизлик хизматлари томонидан олинган янги разведка маълумотларига таяниб, The Washington Post (WP) хабар берди.
Россия ва Эрон расмийлари ноябрь ойи бошида Эронда бўлиб ўтган учрашувда келишувни якунлашди ва Москва бир неча ой ичида ишлаб чиқаришни бошлаш имконини берадиган ишланмалар ва асосий компонентларни таъминлаш учун жадаллик билан ҳаракат қилмоқда, деди нашрга уч нафар манба.
Келишув тўлиқ амалга оширилса, Москванинг Украинадаги урушини қўллаб-қувватлаётган Эрон-Россия иттифоқини янада чуқурлаштиради, дейди расмийлар. Россия ўзи дронлар йиғишни бошлаш орқали сўнгги ҳафталарда Украинадаги уруш характерини ўзгартирган нисбатан арзон, аммо жуда вайрон қилувчи қурол тизимлари захирасини кескин ошириши мумкин.
Август ойидан бери Россия Украинага қарши Эронда ишлаб чиқарилган 400 дан ортиқ ҳужумчи дронларни ишлатди. Уларнинг аксариятидан, разведка маълумотларига кўра, электр станциялари каби фуқаролик инфратузилмасига зарба беришда фойдаланилган.
Теҳрон билан келишув Москванинг тўққиз ойлик жанговар ҳаракатлардан сўнг етишмай қолган аниқ бошқариладиган ўқ-дориларга бўлган фавқулодда эҳтиёжини қондиришга ёрдам беради, дея қайд этади WP. Келишув Эрон учун ҳам муҳим иқтисодий ва сиёсий фойда ваъда қилади. Расмийларга кўра, Ислом республикаси раҳбарлари учувчисиз учоқлар Россияда йиғилса, янги санкциялардан қочиб қутулишнинг имкони пайдо бўлади, деб ўйлаяпти.
Воқеаларни кузатаётган икки давлат хавфсизлик хизмати расмийларига кўра, Эрон-Россия келишувининг тафсилотлари ноябрь ойи бошида бўлиб ўтган йиғилишда якуний тарзда келишиб олинган бўлиб, унга логистикани ишлаб чиқиш учун Теҳронга келган Россия мудофаа саноати музокарачилари гуруҳи киритилган.
Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев бошчилигидаги делегация 9 ноябрь куни Теҳронга ташриф буюриб, бошқа масалалар қатори иқтисодий санкциялар ва Москва «Ғарб аралашуви» деб қабул қилаётган нарсаларни муҳокама қилган.
АҚШ Молия вазирлиги 15 ноябрь куни Россия ҳарбийлари учун учувчисиз учиш аппаратлари (УУА) етказиб бериш билан боғлиқ бўлган бир қанча Эрон ташкилотларига нисбатан санкциялар жорий қилди.
АҚШ Молия вазирлиги Эрондан келган учувчисиз учоқлардан Россия кучлари томонидан Украинадаги тинч аҳолини нишонга олиш учун фойдаланилганини билдирди. Санкциялар рўйхатига Shahed Aviation Industries тадқиқот ва ишланмалар маркази, Shahed сериясидаги УУА ишлаб чиқарувчиси, шунингдек идора Россияга қурол олиб ўтиш учун масъул деб ҳисоблаган Success Aviation Services FZC ва i Jet Global DMCC компаниялари киритилган.
Бундан ташқари, санкциялар Аббос Жума ва Тигран Срабионовга нисбатан қўлланилди, улар орқали, Вашингтон маълумотига кўра, Украинадаги жанговар ҳаракатларда иштирок этаётган Россиянинг "Вагнер" ХҲК Эрон дронларини олган.
Эрон дронларининг Россияга етказилиши август ойида маълум бўлди. Россия қуролли кучлари улардан Украинанинг артиллерия позициялари ва ракета тизимларига зарба беришда фаол фойдаланди. Октябрь ойида дронлардан инфратузилма объектлари - электр станциялари ва электр тармоқларига оммавий ҳужумларда фойдаланила бошланди. Бундай ҳужумларнинг қурбонлари аксарият ҳолларда тинч аҳоли бўлган. Ноябрь ойида Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Россияга учувчисиз учоқлар етказиб берилганини тан олди, бироқ у уларни ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан олдин амалга оширганини таъкидлади. Россия қўшинларига ҳарбий ёрдам кўрсатилгани учун Ғарбнинг Эронга қарши санкциялар пакети кенгайтирилди.
Мавзуга оид
12:07
Ўзбекистон ва Россия Каспий денгизи орқали янги йўналишлардан фойдаланмоқчи
09:53
Воронеж яқинидаги саноат корхонасига дронлар ҳужум қилди
21:03 / 19.11.2024
Россияда доллар йил бошидан бери биринчи марта 100 рублдан ошди
18:44 / 19.11.2024