07:03 / 21.11.2022
7592

Запорижжя АЭС ҳудудида яна портлаш овозлари эшитилди

Запорижжя атом электр станцияси ҳудудида содир бўлган портлашлар натижасида бир қанча бинолар зарар кўрди, дея маълум қилди станциядаги АЭХА ходимлари.

Фото: Picture Alliance

Запорижжя атом электр станцияси (ЗАЭС) ҳудудида 19 ноябрь куни кечқурун ва 20 ноябрь куни эрталаб портлашлар эшитилди, натижада ЗАЭС ҳудудида баъзи бинолар, тизимлар ва ускуналар шикастланган. Бу ҳақда 20 ноябрь, якшанба куни Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) маълум қилди.

Кузатувчилари станцияда бўлган АЭХАга кўра, етказилган зарар ядро хавфсизлиги учун жиддий эмас. «Кеча ва бугун эрталаб бизнинг жамоамиздан келган хабар жуда хавотирли. Йирик атом электр станцияси жойлашган ҳудудда портлашлар содир бўлди, бу мутлақо қабул қилиниши мумкин эмас. Бунинг ортида ким турган бўлса, дарҳол тўхташи керак. Кўп марта айтганимдек, сизлар олов билан ўйнаяпсизлар», — деди АЭХА бош директори Рафаэл Гросси.

Агентликнинг Запорижжя АЭСдаги мутахассислари штабга хабар беришича, 20 ноябрь куни эрталаб қисқа вақт ичида ўндан ортиқ портлаш овозлари эшитилган, уларнинг баъзиларини деразалардан кўришган. Афтидан, станцияни ўққа тутиш қайта бошланган, деди АЭХА.

Россия Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, портлашлар Днипропетровск вилояти Марганец аҳоли пункти ҳудудидан Украина Қуролли кучлари станциянинг ўққа тутиши натижасида содир бўлган. «19 ноябрь куни Украина Қуролли кучлари артиллерияси АЭС ҳудудини 11 та йирик калибрли артиллерия снарядидан ўққа тутди. 20 ноябрь куни эрталаб Украина қўшинлари АЭС ҳудудини икки марта ўққа тутди», — дейилади хабарда. 

Россия Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, 09:15 дан 09:45 гача 12 та йирик калибрли артиллерия снарядлари отилган. Бешинчи энергия блоки ва 2-сонли махсус бино ўртасида саккизта снаряд, тўртинчи ва бешинчи энергия блоклари ўртасида учта снаряд, 2-сонли махсус бинонинг томига битта снаряд тегиб, яна иккита снаряд электр энергиясини таъминловчи электр тармоғига отилган, деб даъво қилмоқда Россия томони.

«Атом электр станцияси ҳудудидаги радиациявий вазият нормаллигича қолмоқда», — деди РФ Мудофаа вазирлиги вакили Конашенков. Украина вакиллари ҳозирча бу баёнотларга изоҳ бермаган.

Украинанинг «Энергоатом» компанияси, ўз навбатида, станция Россия қўшинлари томонидан ўққа тутилганини айтди. «Бугун, 2022 йилнинг 20 ноябрь куни эрталаб Россиянинг кўп сонли ўққа тутиши натижасида Запорижжя атом электр станцияси жойлашган ҳудудга камида 12 та снаряд етиб келиши қайд этилди», — дейилади компания хабарида.

«Энергоатом»нинг таъкидлашича, шикастланган ЗАЭС ускуналарининг рўйхати руслар мақсадли зарбалар билан 5- ва 6-энергия блокларини ишга тушириш, Украина эҳтиёжлари учун электр энергиясини ишлаб чиқаришни қайта тиклаш учун зарур бўлган инфратузилмани ўчириб қўйганлигини кўрсатади. ЗАЭСдаги россиялик ҳарбийлар аввалроқ украиналик ходимларга ушбу бўлинмаларни ишга туширишга тўсқинлик қилган эди, дея хабар беради «Энергоатом».

Россия қўшинлари 2022 йилнинг март ойида Запорижжя атом электр станциясини эгаллаб олишди. Ўшандан бери Россия ва Украина бир неча бор бир-бирини станцияни ўққа тутишда айблади.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top