Жаҳон | 20:47 / 22.11.2022
8255
2 дақиқада ўқилади

Европа комиссияси газ нархини чеклаш механизмини таклиф қилди

Европа Комиссияси (ЕК) табиий газ нархини TTF ҳаб индексига кўра, 1 МВт/соат учун 275 евро миқдори билан чеклашни таклиф қилувчи регламент чиқарди. 

Фото: Krisztian Bocsi/Bloomberg

Bloomberg таъкидлаганидек, бу ҳозирги 120 евро миқдоридан анча юқори, аммо ёзда Европада кузатилган нархдан анча паст. 

«Нарх ушбу чегарадан кўтарилса, битимлар тузилмайди. Агар иккита шарт бажарилса, бозорни тартибга солиш механизми ишга тушади. Биринчидан, газ нархи икки ҳафта давомида маълум даражадан, яъни 275 евродан ошса. Иккинчидан, 10 кун давомида TTF нархи ва суюлтирилган табиий газ ўртасидаги спред 58 евродан ошса», деди Европа энергетика бўйича комиссари Кадри Симсон. 

1 МВт/соат учун 275 евро миқдори табиий газнинг 1 минг куб метри учун тахминан 2900 долларни ташкил қилади. Ҳозирги вақтда бу қиймат 1120 долларга тенг. 

ЕК таклифи энергия харажатларини камайтиришга интилаётган қатор Европа Иттифоқи мамлакатлари томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Аммо якунда миллий ҳукуматлар томонидан маъқулланиши керак. 

Сўнгги ҳафталарда газ нархи тушиб кетди, бироқ 22 ноябр куни «Газпром» Европага газ етказиб бериш ҳажмини янада қисқартириш билан таҳдид қилди. Бу эса нархнинг ошиши эҳтимолини юзага келтирди. 

ЕК таклифи Европа Иттифоқи энергетика вазирлари томонидан 24 ноябр куни Брюсселда ўтказиладиган фавқулодда йиғилишда муҳокама қилинади. 

Мавзуга оид