АҚШ Молия вазирлиги Россия нефти нархи қандай чекланишини тушунтирди
Ҳужжатда қайд этилишича, Россиядан нефтнинг максимал нархи «техник машғулотлардан сўнг» белгиланади. Шунингдек, Европа Иттифоқи мамлакатлари ва Япония учун белгиланган қоидалардан истиснолар келтирилган.
22 ноябрь, сешанба куни АҚШ Молия вазирлиги Россиядан нефть нархини режалаштирилган «чегарага» тушириш билан боғлиқ бир қатор ҳужжатларни, хусусан, Россия нефти нархларини чеклаш сиёсатини амалга ошириш бўйича умумий йўриқномаларни ва бир қатор ҳужжатларни эълон қилди. Унда жорий этилган қоидалардан истисноларни белгиловчи лицензиялар ҳам бор.
Умумий кўрсатмаларга кўра, АҚШ, G7 давлатлари, Европа Иттифоқи ва Австралия «нархларни чеклаш бўйича коалиция» туздилар ва бундай чекловларни «хом нефть ва нефть маҳсулотларини денгиз орқали ташиш билан боғлиқ хизматларнинг кенг доирасига» киритмоқчи.
Шу билан бирга, Россия нефтининг чекланган нархи ушбу коалиция ўтказадиган «техник машғулотлардан сўнг» белгиланади. Эълон қилинган ҳужжатларда санаб ўтилган тақиқлар 5 декабрдан кучга киради. Ҳужжатда тушунтирилишича, нефтга нарх чегарасининг жорий этилиши уни АҚШга олиб кириш тақиқини бекор қилмайди.
АҚШ Молия вазирлигининг веб-сайтида эълон қилинган лицензияларга кўра, Японияга 2023 йил 30 сентябргача «Сахалин-2» лойиҳаси доирасида қазиб олинган хом нефтни денгиз орқали ташиш билан боғлиқ барча операцияларни амалга оширишга рухсат берилади, аммо у «фақат импорт қилиш учун мўлжалланган бўлиши керак».
Бундан ташқари, Болгария, Хорватия ва денгизга чиқиш имкони бўлмаган Европа Иттифоқига аъзо давлатларга «Россия нефтини импорт қилиш билан боғлиқ айрим операциялар»га рухсат берилади.
Шунингдек, у экипаж аъзоларининг соғлиғи ёки атроф-муҳитга таҳдид билан боғлиқ фавқулодда вазиятларда Россия нефтини ташувчи кемалардан тушириш имконини беради.
Мавзуга оид
10:12
АҚШда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар сони айтилди
08:31
AP: АҚШ Украинага 275 млн долларлик ҳарбий ёрдам ажратмоқда
08:02
АҚШ Гонсалесни Венесуэланинг сайланган президенти сифатида тан олди
22:07 / 19.11.2024