Жаҳон | 09:23 / 24.11.2022
9045
2 дақиқада ўқилади

Зеленский БМТ Хавфсизлик кенгашини энергетика террорини қоралашга чақирди

Володимир Зеленский БМТ Хавфсизлик кенгашини «БМТ Низомининг 7-бўлимига мувофиқ террорчи давлат ҳаракатларига аниқ баҳо бериш» учун энергетика террорининг ҳар қандай шаклини қораловчи резолюция қабул қилишга чақирди. 

Фото: AFP

Бундан ташқари, Украина президенти Россиянинг ўз мамлакатининг муҳим инфратузилмасига ҳужумлари муносабати билан чақирилган БМТ Хавфсизлик кенгаши фавқулодда йиғилишида сўзга чиқиб, жаҳон ҳамжамиятидан Киевни ҳаво ҳужумидан мудофаа ва ракетага қарши мудофаа тизимларининг энг сўнгги жиҳозлари билан таъминлашни сўради

У, шунингдек, Россияни «террорчи давлат» сифатида халқаро ташкилотларда овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилишга чақирди. 

Володимир Зеленский Москва билан тинчлик музокараларига чақирувларни танқид қилди. 

«Бизнинг тинчлик формуламизга жавобан Россия террор формуласини таклиф қилмоқда», деб таъкидлади Зеленский ва Россия фақат «террор, беқарорлик ва дезинформация» тарқатишини қўшимча қилди.

Бундан олдин 23 ноябр куни Россия қўшинлари Украина ҳудудлари бўйлаб ёппасига ракета зарбалари йўллади. Украина президенти офиси раҳбари ўринбосари Кирилл Тимошенко россиялик ҳарбийлар «Украина энергия таъминот объектларини йўқ қилишга уринаётгани»ни айтди. 

Украина расмийларига кўра, янги ракета зарбалари оқибатида уч регион тўлиғича электр таъминотисиз қолган: Киев, Одесса ва Черниҳив областлари. «Укрэнерго» хабарига кўра, отишмалар туфайли Украинанинг барча ҳудудларида электр энергияси авариявий ўчирилиши мумкин. Бутун мамлакат бўйлаб интернет фаолиятида узилишлар кузатилмоқда. 

«Энергетик террор давом этмоқда», — деди Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак. Мамлакат президенти Володимир Зеленский Украина бўйлаб жами 67 ракета учирилганини хабар қилган. Полиция маълумотига кўра, сўнгги ҳужумлар оқибатида жами олти киши ҳалок бўлиб, 36 киши жароҳатланган.

Мавзуга оид