Май ойи охирида Володимир Зеленский Украина қуролли кучлари Махсус амалиёт кучларининг «Север» алоҳида махсус амалиётлар марказига «Украина исёнчи армияси (УПА)» фахрий унвонини бериш тўғрисидаги фармонини имзолаганди.
Бунга Полшадагилар дарҳол ва кескин муносабат билдирди. Украина элчиси мамлакат ташқи ишлар вазирлигига чақирилди, ўнг қанотдаги партиялар Киевга ҳарбий ёрдамни қисқартиришни ҳамда Украинанинг Европа иттифоқига кириш жараёнини блоклашни талаб қила бошлади.
Нега бундай?
Украина исёнчи армияси (УПА) Иккинчи жаҳон уруши йилларида этник украинлар яшовчи ерларда мустақил украин давлатини ташкил этиш учун қуролли кураш олиб борган. Нацистлар Германиясининг оккупацион маъмурлари, совет партизанлари (Украина деоккупация қилинганидан кейин – СССР ҳукумати) ва полшаликларнинг яширин қуролли гуруҳлари ушбу ташкилотнинг душманлари бўлган.
УПА жангчилари диверсия ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишдан ташқари тинч аҳоли орасида этник қирғинлар ҳам ўтказиб турган. Бундай эпизодлардан энг машҳури Волин қирғини ҳисобланади – 1943 йилда бир неча ой ичида Волин ҳудудида (бу замонавий Украина, Полша ва Беларус чегаралари туташган ҳудуддаги тарихий областдир) 50 мингдан ортиқ тинч аҳоли вакиллари ўлдирилган, қурбонларнинг аксари – этник поляклар эди. Полшалик тарихчиларга кўра, УПА томонидан ўтказилган этник қирғинлар натижасида 1943-1945 йиллар мобайнида ҳалок бўлган поляклар сони 100 мингга етади.
Замонавий Полшада Волин қирғини расман Полша аҳолиси геноциди деб аталади. Замонавий Украинада эса Россия билан уруш фонида УПА биринчи навбатда мустақиллик учун кураш рамзи сифатида кўрилади.
19 июн куни Полша президенти Карол Навроцкий Володимир Зеленский мамлакатдаги энг олий давлат мукофоти – Оқ бургут орденидан (Зеленскийга бу мукофотни 2023 йилда Полшанинг собиқ президенти Анжей Дуда берганди) маҳрум этилишини эълон қилди. «Полша жамиятининг катта қисми учун Украина исёнчи армияси, биринчи навбатда, Иккинчи жаҳон уруши пайтида Полша фуқароларига қарши содир этилган шафқатсиз жиноятлар учун масъул тузилма бўлиб қолади», – дея ўз қарорини изоҳлаган Навроцкий.
Бунга жавобан украиналик сиёсатчилар Полшадан олинган давлат мукофотларини қайтара бошлашди. Хусусан, Украина президенти офиси раҳбари Кирилл Буданов, унинг ўринбосари Игор Жовква, Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига ҳамда Варшавадаги элчи Василий Боднар «Полша олдидаги хизматлари учун» орденининг Командор крести ва кавалер юлдузидан воз кечишлари ҳақида маълум қилишди.
















