Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров мусулмонларга мурожаат қилиб, интернет ва ижтимоий тармоқлардан тўғри фойдаланиш, вақтни беҳуда сарфламасликка чақирди.
«Аллоҳ берган неъматларни санаб саноғига етолмаймиз, булардан бири интернетдир. Замонамиз уламолар интернетни пичоққа ўхшатади. Пичоқ яхши инсон қўлида ижод воситаси, ёмон инсоннинг қўлида эса жиноят қуроли бўлади.
Интернетда фойдаланишда аввало, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг «Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир», деган сўзларини ёдимизда тутишимиз керак. Нима мақсадда интернетга киряпсиз, илм олиш ёки яхшиликда фойдаланиш учунми ё бошқа мақсадлардами?
Ҳозир деярли барчада интернетдан фойдаланиш имкони бор экан. Шунинг улар бу ҳадисни дастур қилиб олишлари керак. Абу Барза Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейди:
«Қиёмат куни банданинг икки қадами – то ундан умридан – уни нимада ўтказгани, илмидан – у билан нима қилгани, молидан – уни қаердан касб қилгани ва нимага сарфлагани, жисмидан – уни нимада қаритгани ҳақида сўралмагунича жойидан жилмайди», дедилар» (Имом Термизий ривоят қилган). Ҳадиси шарифда айтилганидек, ҳар бир киши қиёматда бешак ҳисобга тортилади. Шундай экан, биз доимо бу имтиҳонга гўзал ҳолатда тайёргарлик кўриб боришимиз керак.
1. Банданинг умридан – уни нимада ўтказгани сўралмагунича жойидан жилмайди. Умр инсонга берилган энг катта бойлик, энг азиз неъмат ҳисобланади. Ҳар бир киши ундан оқилона фойдаланиши керак. Вақт қиёмат куни инсоннинг фойдасига ёки зарарига гувоҳлик беради. Шунинг учун мусулмон киши ҳар бир вақтини зийрак тижоратчи каби ҳар доим сарҳисоб қилиб ўтказади.
Мусулмон киши интернетдан фойдаланар экан, унга бутунлай шўнғиб кетиб, зиммасидаги бошқа ҳақларни унутиб қўймаслиги керак. Кўпинча вақтимизни бефойда нарсаларга ажратиб, яқинларимиздан ажраб қолаётганимизни билмай ҳам қоламиз. Ҳадиси шарифда: «Ҳар бир ҳақ эгасига ўз ҳаққини беринг», дейилган.
2. Банданинг илмидан – у билан нима қилгани ҳақида сўралмагунича жойидан жилмайди. Содда ва ишонувчан инсонлар, хусусан, ёшлар интернет тармоқларидаги «жозибадор» ниқобларга ўралган турли алдов, туҳмат, фитналар, ёлғон хабарлар, қимор ўйинлари, бузуқлик ва ахлоқсизликка тарғиб этувчи нарсалар қурбонига айланиб қолмоқда.
















