Жаҳон | 19:39 / 25.11.2022
3633
2 дақиқада ўқилади

Илон Маск Twitter платформасидаги блокланган аккаунтлар учун «амнистия» эълон қилди

Хусусан, «қонунни бузмаган ва спам билан шуғулланмаган» аккаунтлар блокдан чиқарилади.

Фото: AP

Twitter платформасининг янги эгаси ва бизнесмен Илон Маск келаси ҳафтада блокланган аккаунтлар яна тикланиши ҳақида хабар берди.

Америкалик миллиардер фойдаланувчилар орасида «қонунни бузмаган ва чидаб бўлмас даражада спам билан шуғулланмаган аккаунтлар тиклашга арзийдими ёки йўқми» деган сўров ўтказганидан сўнг, шундай баёнот берди.

Сўровномада иштирок этган 3,16 миллион фойдаланувчининг 72 фоизи тиклашни ёқлаб овоз берди. Twitter ижтимоий тармоғидан ҳар куни 450 миллион киши фойдаланади.

«Халқ ўз сўзини айтди. Амнистия келаси ҳафта бошланади. Vox Populi, Vox Dei», деб ёзди Маск ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Маск Twitter платформасини сотиб олганидан кейин бир ой ичида мониторинг гуруҳлари ижтимоий тармоқда ирқчиликка, антисемитизмга оид ва бошқа ҳақоратли сўзларнинг кўпайганини қайд этди. Бундай сўзларни ишлатган фойдаланувчилар одатда ижтимоий тармоқда блокланиб келар эди.

Бундай аккаунтларга нисбатан «амнистия» қўлланиши Маск нафрат тилига қарши қандай сиёсат ишлатаётганини диққат билан кузатаётган давлат идораларини хавотирга солиши мумкин.

Аввалроқ, 20 ноябр куни Маск худди шундай сўровдан сўнг, АҚШ собиқ президенти Доналд Трампнинг аккаунтини блокдан чиқарган эди.

Сиёсатчининг аккаунти 2021 йил январида, Капитолий биносига оломон бостириб кирганидан сўнг, «зўравонликка ундаш хавфи» туфайли блокланган эди. Шундан сўнг, Трамп Twitter саҳифасига қайтмаслигини айтди, бироқ аккаунтини ўчирмади.

Мавзуга оид