Жамият | 17:51 / 25.11.2022
17656
2 дақиқада ўқилади

Қатардаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти тарғиб қилинмоқда

Қатардаги жаҳон чемпионати учун дунёнинг турли чеккаларидан келган мухлисларга миллийлик, ўзига хос қадриятлар акс этган совғалар, журналлар ва тарқатма материаллар улашилмоқда.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Айни дамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Абдураҳмон Фозилов, ижтимоий тармоқларда кенг аудиторияга эга бўлган блогерлар – Асал Сапарбаева, Иброҳим Икромов, Отабек Жўраев ва Ўзбекистон фан-клуби аъзоларидан иборат делегация Қатарда бўлиб турибди. 

Туризм ва маданий мерос вазирлиги хабар беришича, делегация аъзолари бутун дунёдан жаҳон чемпионатига ташриф буюрган миллионлаб мухлислар орасида Ўзбекистоннинг туризм борасидаги имкониятлари, салоҳиятини тарғиб қилишмоқда. Шу билан бирга, миллийлик, ўзига хос қадриятлар акс этган совғалар, хусусан, вазирлик томонидан тақдим этилган журналлар ва тарқатма материалларни улашишмоқда.

Маълумот қилинишича, делегация аъзоларидан иборат автокарвон 5 ноябр куни Самарқанддан йўлга чиққанди. Улар мамлакат туризм брендини акс эттирувчи махсус логотиплар билан қопланган автомобилларда Қозоғистон, Озарбойжон, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони каби давлатлардан ўтишди.

«Ўз навбатида, бу давлатларда Ўзбекистон туризмини янада танитишга қаратилган бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Ҳар бир давлатнинг маҳаллий аҳолиси ва хорижий туристларга Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти, мамлакатимиздаги кўзга кўринган туристик объектлар, Ўзбекистонга саёҳат қилишнинг афзалликлари, халқимизнинг меҳмондўстлиги ва бошқа жиҳатлар ҳақида маълумотлар берилди. Қолаверса, Ўзбекистон туризм бренди акс этган кийимлар ва бошқа совғалар тарқатилди. 

Қатарда бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионати — миллионлар ўйини ҳисобланган футбол оламининг энг катта мусобақаси ҳисобланади. Табиийки, ҳар тўрт йилда бир марта ўтказиладиган мазкур турнирни томоша қилиш учун дунёнинг барча бурчакларидан мухлислар ташриф буюришади. Шу жиҳатдан, Қатардаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон туризмини тарғиб қилиш юртимизда ташриф буюрадиган хорижий туристлар сонини янада оширишда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз», дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид