Жаҳон | 17:54 / 25.11.2022
53886
15 дақиқада ўқилади

Янги ўлим қуроли — «Ланцет». Россия бу дронни қаердан олди ва у қанчалик самарали?

Сўнгги ҳафталарда Россия кучлари Украина қўшинларига қарши зарбдор дронлардан фаол фойдалана бошлади. Россия нашрлари ва блогерлари «Ланцет» камикадзе дронидан оммавий равишда фойдаланиш кераклиги ҳақида иштиёқ билан ёзмоқда. Улар аллақачон бу қуролни фронтдаги вазиятни тубдан ўзгартирувчи омил деб атади.

Фото: ZALA AERO

«Ланцет» (тиббиётда йирингларни кесувчи ўткир скалпел номи) ўзининг машҳур турдоши «Куб» каби ўқ-дорилар ташувчи дрондир. Яъни улар ҳавода узоқ вақт давомида нишонни кузатиб учувчи ва унга тезкор зарба берувчи жанговар дрон ҳисобланади.

Дрон бу номни ўзининг юқори аниқлиги сабаб олган.

Энг охирги модификацияли камикадзе дронининг (Ланцет-3) максимал тезлиги горизонтал парвозда 110 км/соат, нишонга ҳужум қилишда эса 300 км/соатни ташкил қилади. Ҳаводаги ҳаракат узоқлиги — 40-50 км. Дроннинг ўзи тахминан 12 кг, шундан жанговар каллак (юқори портловчи снаряд) оғирлиги 5 кг. Қурилма ҳавода тахминан бир соат давомида уча олади.

Украинадаги жанг майдонларида «Ланцет»дан муваффақиятли фойдаланилгани акс этган видеолар россиялик ҳарбий блогер ва журналистларнинг Телеграм-каналларида октябр ойи охири ва ноябр ойи бошида пайдо бўла бошлади.

Украин танки «Ланцет» зарбасига учрамоқда. Видеодан стоп-кадр
Манба: АЛЕКСАНДР СЛАДКОВ

Бундан ташқари, Россия мудофаа вазирлиги ўз ҳисоботларида ушбу қурилмадан «муваффақиятли фойдаланиш»га катта эътибор қаратди ва уни Россиянинг энг самарали дрони деб атади.

Украина ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлиги ҳам сўнгги пайтларда бундай дронлардан фронтда кенг қўллана бошланганини тан олди.

Янги мўъжизакор қурол

Ушбу рус дрони энг кўп эпитетларни, биринчи навбатда, Россия Федерациясининг ҳарбий кузатувчилари ва экспертларидан оляпти.

Хусусан, Россия бош штаби собиқ ходими Михаил Ходаренок «Ланцет» ўзининг америкалик турдоши — «Switchblade-600» дронидан сезиларли даражада устун эканини таъкидлайди.

Ростдан ҳам, қанотларнинг ғайриоддий жойлашуви (Россия дрони қанотлари Х шаклида) туфайли дрон манёвр ва ҳужум қилишда афзалликларга эгадек кўринади.

Россиялик ҳарбий эксперт «Ланцет»нинг разведкачи «Орлан» дрони билан бирга ишлатилишига эътибор қаратган. «Орлан» нишонни аниқлаб беради, «Ланцет» эса уни йўқ қилади.

Одатда, шу усул билан рус қўшинлари Украинанинг зенит-ракета тизимларини ишдан чиқаришга ҳаракат қиляпти. 

Экспертнинг ишонишича, Россия «Ланцет-Орлан» дуэти ёрдамида яқин келажакда Украина ҳаво мудофаасини енгиб ўта олади.

«Албатта, «Бук» ва «Оса-АКМ» каби ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари Украина қуролли кучлари тасарруфида ҳануз маълум миқдорда мавжуд ва улар учувчиларимиз учун ноқулайликлар туғдирмоқда. Аммо тўқнашув чизиғида «Ланцет» ва «Куб» дронлари сони ортгач, улар эртами-кечми Украинанинг зенит тизимларини амалда йўқ қилади ва фронтдаги жангларга асосий авиация ҳам қўшилади», — деб ёзади Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари бош штабининг собиқ катта офицери Ходаренок.

Унинг таъкидлашича, Россия томонидан зарба берувчи дронлардан самарали фойдаланиш ҳозирда Киев учун энг катта муаммо ҳисобланади.

У бу фикрини 16 ноябр куни Германия Украина армиясига дронга қарши тизимлар партиясини етказиб бергани ҳақидаги маълумот билан далиллайди.

«Рўйхатни очсак, Украина қуролли кучларига нима кўпроқ зарар келтираётганини билишимиз мумкин. Украина дронларга қарши 10 датчик ва сигнал сўндиргич сўраган. Бу шуни англатадики, «Герань» ва «Ланцет» Киев учун ҳақиқий бошоғриғи бўлмоқда», дейди Ходаренок.

Бутунроссия давлат телерадиокомпаниясининг (ВГТРК) россиялик ҳарбий мутахассиси Александр Сладков ҳам «Ланцет»дан фойдаланишга оид видеоларни ўз каналига юклаб боради. У етакчи рус пропагандачиларидан бири бўлиб, украиналик ҳарбий асирларни сўроқ қилиш билан ҳам шуғулланган.

Сладков бир миллиондан ортиқ обуначига эга бўлган Телеграм-каналига ноябр ойи бошидан бери мунтазам равишда Россиянинг зарбдор дронлари видеоларни юклаб келади.

Унинг ҳаракати шуни кўрсатадики, «Ланцет»дан фойдаланиш билан боғлиқ контент сўнгги вақтларда кўпайган.

Ҳарбий журналистнинг қайд этишича, бу дронлар Украина қуролли кучлари техникаларини, масалан, М777 гаубицаларини «дасталаб» ёки «бирин-кетин» йўқ қилади.

«Ланцет учун авторитет йўқ», дея ўзини қувонтиради Россия пропагандачиси.

Россиянинг «Рыбар» Телеграм-канали ҳатто «Ланцет»нинг сўнгги бир ой ичида (13 октябрдан 12 ноябргача) гўёки қанча техника йўқ қилгани ёки шикастлаганини ҳисоблаб чиққан. Унга кўра, дрон 11 гаубица, 7 танк ва ўзиюрар артиллерия қурилмаси, олтита зирҳли машина, 4 та ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизими ва 5 та радиолокация тизими, учта C-300 ракета тизими ва ниҳоят битта зирҳли катерни сафдан чиқарган.

Россияликлар ишонч билан бу дронларга қарши курашишни имконсиз эканини айтмоқда. «Анти-лазер ҳимояси туфайли «Ланцет»ларни тутиб олиш ёки йўқ қилиш деярли мумкин эмас», деб ёзади «Вестник ПВО и ВКС» Телеграм-канали.

Бироқ, Украина қуролли кучлари бу борада бошқача фикрда. Бундай дронларнинг биринчи нусхаси Украина кучлари томонидан июл ойи ўрталарида Запорижжя вилоятида уриб туширилган ва тегишли фотосуратлар тармоққа жойлаштирилган. Орадан бир ҳафта ўтиб, яна бир худкуш дрон Миколайив областидаги радар станциясига ҳужум қилмоқчи бўлган вақтда уриб туширилган.

Октябр ойида Украина томони ҳарбий-ҳаво кучлари қирувчи самолёт ёрдамида иккита «Ланцет»ни уриб туширишга муваффақ бўлингани ҳақида хабар берди.

Дрон ҳақиқатан ҳам шунчалик самаралими?

«Вазият ўзгарди. Бугун бизда дронлар бўйича устунлик йўқ. Айниқса, зарбдор дронлар борасида. Ва бу ерда муаммо сифатда эмас, сонда», — дея ноябр ойи бошидаги фронт чизиғидаги ҳолатни изоҳлади дрон ишлаб чиқиш бўйича украиналик мутахассис Юрий Касьянов.

Украина армиясининг М777 русумли гаубицасига ҳужум қилаётган «Ланцет», 17 ноябр. Видеодан стоп-кадр.
Манба: АЛЕКСАНДР СЛАДКОВ

Унинг фикрича, асосий муаммо Украина армиясида дронлар, айниқса зарбдор дронлар сезиларли даражада етишмаслигидир. Бу эса, ўз навбатида, Украинада Россия ва Эрондан фарқли ўлароқ, дронларни оммавий ишлаб чиқариш жараёни йўлга қўйилмагани билан боғлиқ.

Мутахассис турли украиналик расмийларнинг Москва хорижий электроникасиз бу турдаги қуролларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўя олмаслиги ҳақидаги баёнотларини «ура-патриотизм ва душманни менсимаслик» дея атаган.

Унинг сўзларига кўра, уруш бошида Украина армияси ҳақиқатан ҳам ҳарбий вазифалар учун қайта ишланган кўплаб «уй» дронларига эга бўлган. Аммо Украина зарбдор дронларни саноат даражасида ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга энди ҳаракат қилмоқда.

Бу масалада Ғарбдаги ҳамкорлардан ҳам ёрдам кам. Шу турдаги дронлар ишлаб чиқарувчи Исроил Киевга деярли ҳалокатли қуроллар етказиб бермайди, АҚШ эса Украина қуролли кучларининг катта қисмини таъминлаш учун зарур бўлган миқдорга эга эмас.

«Одатда «Ланцет»лар ҳарбий техникаларни йўқ қилиш учун эмас, балки душманнинг ўқ отиш нуқталарини бузиш, шахсий таркиб ёки юк машиналари каби зирҳсиз транспортларни йўқ қилиш учун ишлатилади», дейди Касьянов.

«Ланцет» шу вазифага мос параметрларга эга. Унинг жанговар каллаги 3-5 кг, парвоз масофаси эса тахминан 40 км.

Бу Россия Украинани ўққа тутишда кенг кўламда фойдаланаётган Эроннинг «Шаҳид-136» (иккинчи номи «Герань-2») дрони параметрларидан жуда катта фарқ қилади. Унинг жанговар каллаги «Ланцет»никидан 10 баробар кўп, парвоз масофаси эса деярли 1500 километрни ташкил этади.

Бироқ, Юрий Касьяновнинг таъкидлашича, бу дронларни солиштириш керак эмас, чунки улар бутунлай бошқа вазифаларни бажаради. Агар Эрон дронларидан мамлакат ичидаги йирик инфратузилма объектларини йўқ қилиш учун фойдаланилса, «Ланцет»лар жанг майдони дронларидир. Улар фронт чизиғидаги алоҳида радиолокацион ва ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимлари билан ишлайди.

«Булар мутлақо бошқа синфлар. Бу худди қанотли ракета ва учувчили қирувчи самолётни солиштиришга ўхшайди. Улар бутунлай бошқача қуроллар ва бутунлай бошқача уруш усуллари», дейди Касьянов.

Россия худкуш дронларининг самарадорлиги борасида украиналик мутахассис жанговар каллакнинг кичик ўлчами ва улар ишловчи масофа қисқалигига эътибор қаратади. Масалан, «Куб» дрони 10-20 км масофада ишлайди ва 3 килограммгача бўлган ўқ-дорини олиб юради.

Украина осмонидаги Shahed. Фото: Reuters

Россия камикадзе дронларининг Украинадаги уруш жараёнига қандай таъсир ўтказиши борасида, BBC нашри суҳбатдоши тахмин билдиришда ўта эҳтиёткор бўлади.

«Жанг майдонида «Ланцет» каби дронлардан фойдаланиш, албатта, душманга маълум афзалликларни беради, деб ҳисоблайман. Аммо шу билан бирга, бундай қуроллардан фойдаланиш қандайдир тарзда урушнинг бориши ва характерига кескин таъсир қилиши мумкин, деб айта олмайман. Йўқ, бу дронлар урушнинг натижасига таъсир қилмайди», деган Касьянов.

Касьяновнинг қайд этишича, бундай дронларга қарши курашишнинг турли усуллари мавжуд, масалан, уни ерда, оператор ва бошқарув станцияси билан бирга йўқ қилиш мумкин.

Россия «Ланцет»ларни қаердан олди?

Россияда бундай турдаги дронларнинг пайдо бўлиши, 2000-йиллар ўрталаридан бери дронлар билан шуғулланувчи ZALA Aero компанияси ташаббуси натижасидир.

Бироқ, компания ҳавода ўқ-дорилар олиб юрувчи дронлар лойиҳаси билан 2010 йилдан шуғуллана бошлаган. Аноним қолишни истаган экспертнинг BBC нашрига айтишича, бундай дронлар аввалбошда Россия мудофаа вазирлигини қизиқтирмаган ва ҳарбийлар бундан манфаатдор эмаслигини англаган тижорат компаниялари ҳам бу турдаги дронлар ишлаб чиқарилишга ортиқча эътибор бермаган.

Ҳозирда «Калашников» компаниялари гуруҳи таркибига кирувчи ZALA Aero бу турдаги дронларни экспорт учун тайёрлай бошлаган. «Ланцет» компаниянинг биринчи маҳсулоти эмас, унгача «Куб» дрони ишлаб чиқарилган. Бу дрон ҳозирда Россия армияси томонидан ҳам қўлланади.

«Куб» 2019 йилда Абу-Дабидаги кўргазмада намойиш этилади. «Ланцет»нинг премьераси эса 2019 йил ёзида Москва областидаги «Армия» кўргазмасида бўлиб ўтади ва у ўша пайтда «Калашников» стендидаги асосий экспонат эди.

«Ланцет» дрони «Калашников» стендида

Бироқ, россиялик мутахассис таъкидлаганидек, Россия армияси камикадзе дронларга улар Сурияда синовдан ўтказилгандан кейингина қизиқа бошлаган.

Россия нашрларига кўра, синовлар дрон самарадорлигини кўрсатган бўлса-да, бу уларнинг оммавий ишлаб чиқарилишига олиб келмаган. Чунки улар жуда қиммат қурол бўлиб туюлади, Сурияда эса уларни ишлатиш учун муҳим нишонлар кўп бўлмаган. Уларнинг ўрнига нишонларни арзонроқ қуроллар, масалан, артиллерия ёрдамида йўқ қилиш мумкин эди.

Ташқи ёрдам

Россия дронларни керакли эҳтиёт қисмлари билан қандай таъминлаётгани сирлигича қолмоқда. Мутахассисларнинг Россия ўз манбалари билан дронлар учун барча таркибий қисмларни ишлаб чиқариш имкониятига эгалиги ҳақдаги шубҳалари асосга эга.

Масалан, яқин вақтгача рус ишлаб чиқарувчиларининг ўзлари бундай имкониятлари йўқлиги ҳақида гапириб келган.

Шу сабабли, Юрий Касьяновнинг фикрича, «Ланцет»нинг 80 фоизи Хитой компонентларидан тайёрланади, аммо якуний йиғиш ва созлаш Россия заводларида амалга оширилади.

Аммо у дронлар учун микросхемалар Россия Федерациясида ишлаб чиқарилганини тан олди.

«Улар дронлар ишлаб чиқаришни мунтазам йўлга қўйиши мумкин, бироқ бу Хитой эҳтиёт қисмларни етказиб беришига боғлиқ бўлади», дейди Касьянов.

Экспертнинг қўшимча қилишича, айни вақтда Россияда илгари хитойлик етказиб берувчилардан сотиб олинган дронлар учун электр моторлар ва аккумуляторлар ишлаб чиқариш жараёни аллақачон ўзлаштирила бошланган.

Сал олдинроқ, 2021 йил апрел ойида, Стратегия ва технологияларни таҳлил қилиш маркази раҳбари Руслан Пухов «Газета.Ру» интернет нашрига берган интервьюсида Россияда дронларнинг кичик партияларини тайёрлаш ва ишлаб чиқариш мумкинлигини айтган. Бироқ уларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда хорижий компонентлар билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлади. Унинг сўзларига кўра, «Ланцет»да бу эҳтимол юқори.

«Оммавий ишлаб чиқариш ва қўшинларни ушбу турдаги дронлар билан тўлиқ таъминлашда жиддий муаммоларга дуч келамиз. Балки биз чет элдан баъзи позициялар ва технологияларни сотиб олиш ҳақида ўйлашимиз керакдир», деган ўшанда Пухов.

Барча рус дронларининг заиф томони — уларни оммавий ишлаб чиқаришда кам ишончли ички ёниш двигатели йўқлиги. «Ланцет» электр двигателдан фойдаланса-да, бу қурилма қаердан келиб қолгани номаълум.

Октябр ойида «Андроидная техника» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси раҳбари Евгений Дудоров «РИА Новости» нашрига берган интервьюсида Россиянинг коптер ва самолёт типидаги дронларида импорт қилинган (асосан, Хитой ва Европа Иттифоқи давлатларидан) электр двигателлардан фойдаланилиши ва унинг компанияси ҳам шундай моторларни ишлаб чиқиш билан шуғулланаётганини айтганди.

Россия қанча миқдорда «Ланцет» ишлаб чиқара олишини аниқлаш қийин — бу маълумотлар махфий. Назарий жиҳатдан, ушбу дронларни ишлаб чиқарувчи баъзи элементларини бемалол чет элдан сотиб олиш мумкин.

«Россияда дронларни серияли ишлаб чиқариш яқиндан бошланди. Масалан, Кронштадтдаги йирик «Орион» дронларини ишлаб чиқарувчи завод ўтган йили қурилган», деб ёзади Стратегия ва технологияларни таҳлил қилиш маркази билан боғланган БМПД ҳарбий блоги.

«Куб» дрони давлат синовларидан бир йил аввал ўтган», дейди «Вестник ПВО и ВКС» Телеграм-канали.

2019 йилда тақдим этилган «Ланцет» дронлари, рус матбуоти ва блогосферадаги изоҳларга кўра, фронтдаги қўшинларда фақатгина ёзнинг охири ва кузнинг бошида пайдо бўла бошлаган. «Ростех» раҳбари Сергей Чемезовнинг айтишича, агар буюртма бўлса, Россия корхоналари уни керакли миқдорда етказиб беришга тайёр.

Бироқ август ойи охирида Россия Телеграм-каналлари ZALA Aero компанияси бош конструктори Александр Захаровнинг ишлаб чиқариш қуввати етишмаслигидан шикоят қилиб, дронлар ишлаб чиқариш учун савдо марказларини эгаллашни таклиф қилган сўзларидан иқтибос келтирганди.

Мавзуга оид