Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ҳар қандай лавозим вақтинчалик, халқ эса абадий» — Тўқаев расман Қозоғистон президентлиги учун ишга киришди
Остона шаҳрида бўлиб ўтган инаугурация маросимида 7 йил муддатга сайланган Қосим-Жўмарт Тўқаев тантанали қасамёд қилди. Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси раҳбари Нурлан Абдиров унга президентлик гувоҳномасини топширди.
Қозоғистон президенти лавозимига киришган Қосим-Жўмарт Тўқаев нутқ сўзлаб, келгусидаги режалари, мамлакат олдида турган ислоҳотларга тўхталиб ўтди. Тўқаевнинг нутқидаги асосий жиҳатларни қисқача келтирамиз.
«Бизнинг эндиги умумий мақсадимиз — қонун устувор бўлган, тартиб-интизомга риоя қилинадиган, фуқароларнинг ҳуқуқлари тегишли тарзда ҳурмат қилинадиган Адолатли Қозоғистонни қуриш», — деди Тўқаев
Тўқаев шунингдек Қозоғистонни ҳақиқий демократик институтлар билан чинакам ривожланган давлатга айлантириш ва жамиятни трансформация қилиш борасидаги келгусидаги катта ишлар ҳақида сўзлади. Унга кўра, айни дамда миллатнинг янги сифати шаклланмоқда ва мустақиллик мустаҳкамланмоқда.
«Биз ҳозир бу сермашаққат йўлнинг энг бошида турибмиз. Олдимизда жуда кўп ишлар бор. Ҳар бир фуқаро мамлакат келажаги учун масъул эканлигини англаб етиши керак».
«Устувор вазифа — фуқароларимизнинг тадбиркорлик руҳини тўсиб турган барча сунъий тўсиқ ва чекловларни олиб ташлаш. Тадбиркорлар ўз бизнесининг сабабсиз текширилишини батамом унутиши керак, улар фақат солиқ ревизияси билан тўқнаш келишлари керак».
«Адолатли бозор иқтисодиётини барпо этиш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш, рақобатни ривожлантириш, коррупцияни қўпориб ташлашга қонуннинг чинакам устуворлигисиз эришиш қийин. Шу сабабли барчанинг қонун олдида баробарлиги — давлатимизнинг узоқ муддатли ривожланиши учун асосий шарт. Жамиятда нифоқ уруғини сочувчи ва миллатнинг бирлигига рахна солувчи, пировард натижада давлатимизга қарши қаратилган провокацияларга қатъий барҳам берилади».
«Биз фуқароларнинг сўрови ҳамда вақт талабига жавоб берадиган самарали давлат қуришга мажбурмиз».
«Бизнинг энг катта бойлигимиз — бу инсонлар. Шунинг учун фуқароларимиз фаровонлиги учун барча шарт-шароитларни яратиш жуда муҳим».
«Қозоғистон миллий манфаатларни ҳимоя қилишга йўғрилган, мувозанатлашган ва конструктив ташқи сиёсат юритишда давом этади. Биз АҚШ, Европа Иттифоқи, Осиё, Яқин Шарқ ва Кавказорти давлатлари, шунингдек барча манфаатдор давлатлар билан кўпқиррали ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ишлашда давом этамиз. Қозоғистон замонавий халқаро ҳуқуқ ва БМТ Низомига содиқ қолади».
«Биз адолатли давлат, адолатли иқтисодиёт ва адолатли жамият қурамиз. Бу принциплар менинг сайловолди дастуримда аниқ мужассам қилинди. Мен ўз сайловолди дастуримнинг ҳар бир пунктини тўлиқ амалиётга жорий қилиш учун бор кучимни сарфлайман. Шу сабабли, уни амалга ошириш учун махсус фармон имзолайман. Шахсан ўзим дастурнинг оғишмай бажарилиши устидан назорат ўрнатаман».
«Ҳар қандай лавозим вақтинчалик, халқ эса абадий», — деди Қозоғистон президенти. У келгуси 7 йилда халқнинг қўллови билан ўз миссиясини шараф ила адо қилишига ишонишини айтди.
Шу билан инаугурация маросими якунланди.
Мавзуга оид
20:56 / 12.06.2026
Қозоғистондаги икки президентпараст партия сайлов олдидан бирлашди
18:28 / 12.06.2026
Қозоғистонда пора бериш нияти жиноятга тенглаштирилди
20:25 / 10.06.2026
Қозоғистонда жинсий зўравонлик жиноятлари тергови аёл терговчиларга топширилади
18:53 / 10.06.2026