09:13 / 26.11.2022
5618

Ўзбекистон Испания Ипак институти мукофотига сазовор бўлди

Испания Ипак институтида Ўзбекистонга тарихий йўлни сақлаб қолиш ва «Ипак йўли» цивилизациялараро сайёҳлик йўналишини муваффақиятли ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Uzbekistan, Silk Spain Friendly  мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Dunyo

Металл ҳайкалча услубида ишланган каптарни ифодаловчи мукофотни Испания Ипак институти президенти Фернандо Молина Понс Ўзбекистон элчиси Жаҳонгир Ғаниевга топширди.    

Тадбир давомида Bioparc компанияси ипак санъати, уни етиштириш ва қайта ишлашга бағишланган Alquería del Rey лойиҳаси учун, Валенсия порти маъмурияти Bio Galleon’ни нишонлашда қўллаб-қувватлагани учун ҳамда Олий Ипак санъати мактаби Валенсияда ипак тарихи ва истиқболини ёйишда яқиндан ҳамкорлик қилгани учун Valencia BioSeda Creativa («Валенcия ижодий био-ипак») мукофотига сазовор бўлишди.

Фото: Dunyo

Тадбир доирасида Валенсия вилояти туризм соҳаси вакиллари билан икки томонлама музокаралар, хусусан, Испания Ипак институти Президенти Фернандо Молина Понс, Gaceta del Turismo нашри бош муҳаррири Рафаэль Миняна ва Олий Ипак санъат институти мактаби Президенти Гонсало Хулиан Ордуня билан алоҳида учрашувлар ўтказилди.

Суҳбат чоғида туризм ва пиллачилик соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятига оид мақолалар чоп этиш, 2023 йилда миллий либослар кўргазмасини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Top