Жаҳон | 12:37 / 22.05.2024
11508
3 дақиқада ўқилади

Испания, Норвегия ва Ирландия Фаластин мустақиллигини расман тан олди

Европанинг бу учта давлати 28 майдан эътиборан Фаластин давлатини расман тан олади. “Фаластин мустақил давлатга эга бўлиш ҳуқуқига эга. Яқин Шарқда бусиз тинчлик бўлиши мумкин эмас”, – деди Норвегия бош вазири Йонас Гар Стере. Исроил Ирландия ва Норвегиядаги элчиларини чақириб олмоқда.

Норвегия бош вазири Йонас Гар Стере / Фото: Erik Flaaris Johansen / NTB

Испания, Норвегия ва Ирландия Фаластин давлатини тан олишга қарор қилди. Бу ҳақда ушбу мамлакатлар давлат бош вазирлари 22 май кнуи эълон қилди. Тан олиш ҳақидаги қарор учала давлатда ҳам 28 майдан кучга киради.

“Бугун Ирландия, Норвегия ва Испания Фаластин давлатини тан олишини эълон қилмоқда. Бу қарор кучга кириши учун қандай миллий ҳаракатлар зарур бўлса, амалга оширамиз”, – деди Ирландия бош вазири Симон Ҳаррис Дублиндаги матбуот анжуманида.

“Фаластин мустақил давлатга эга бўлиш ҳуқуқига эга. Яқин Шарқда бусиз тинчлик бўлиши мумкин эмас”, – деди Норвегия бош вазири Йонас Гар Стере.

Унинг қўшимча қилишича, ҳудудий делимитация 1967 йилгача бўлган чегараларга асосланиши керак. 

Стере можарони икки давлат асосида ҳал қилиш ғоясини қўллаб-қувватлади ва Норвегия баёноти бошқа давлатлар учун ўрнак бўлиб, уларни Фаластинни давлат сифатида тан олишга ундашига умид билдирди.

Бунга жавобан Исроил Ирландия ва Норвегиядаги элчиларини чақириб оладиган бўлди. Исроил ташқи ишлар вазири Исраэл Кац. У бундай ҳаракатни Дублин ва Осло томонидан ҲАМАС ҳаракати ва терроризмни қўллаб-қувватлаш деб баҳолаган.

Шу тариқа, Фаластин давлатини тан оладиган БМТ аъзолари (жами 193 та) сони 146 тага, Европа Иттифоқи аъзолари сони эса 12 тага етди. Тез орада Словения ва Малта ҳам Фаластинни тан олишини эълон қилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Фаластин 2012 йил ноябр ойида БМТга кузатувчи давлат мақомида қабул қилинган.

Исроил-Фаластин можароси

2023 йил 7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди. ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 35 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид