Жаҳон | 22:52 / 26.11.2022
23662
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда Тўқаевга қарши қисқа муддатли норозилик намойиши ўтказилди

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Янги сайланган президентнинг инаугурациясидан кейин ўнлаб одамлар 30-40 дақиқа давомида норозилик акциясини ўтказишган. Ҳозир вазият тинчиб қолгани айтилмоқда.

Қозоғистон пойтахти Остонадаги намойиш ярим соатдан сал кўпроқ вақт давом этди. Ҳозир ҳаммаси тинчиб қолди. Бу ҳақда маҳаллий сиёсатшунос Марат Шибутов Lenta.ru билан суҳбатда гапириб берган.

«Остонада «Туман» меҳмонхонаси ва МEГА савдо маркази яқинида намойиш 40 дақиқа давом этди. Бу ерда «Келажак меъморлари» гуруҳи йиғилди. Улар намойиш ўтказмоқчи эди. Албатта, улар бу ҳақда ҳеч кимни олдиндан огоҳлантирмади. Воқеа жойига полиция етиб келди ва гуруҳ етакчиларининг бир қисмини бўлимга олиб кетди. Қолганлар тарқаб кетишди. Ҳозир ҳеч нарса йўқ», деди Шибутов.

Унинг қўшимча қилишича, расмийлар ваҳима қилиб, интернетни ўчириб қўйишган. «Остонадаги норозилик намойиши туфайли интернет тахминан 50 дақиқага ўчирилди. Лекин ҳозир ҳаммаси ишлаяпти», - деди қозоғистонлик сиёсатшунос.

Қозоғистоннинг яна бир фуқароси Ойжон сўзларига кўра, намойишчилар сони 100 га етмайди.

«Полиция иштирокчиларнинг кўпини ушлади ва олиб кетди. Шаҳарда ваҳима йўқ. Ҳозир тинчлик. Республикада оммавий норозилик намойишлари йўқ», - деди у.

26 ноябр куни Қозоғистонда бўлиб ўтган навбатдан ташқари сайловда ғалаба қозонган Қосим-Жўмарт Тўқаев қасамёд қилиб, давлат раҳбари лавозимида ишга киришди.

Шу куни соат 19.00 да Остонада мобил алоқа ва интернет узилиб қолгани ҳақида хабар берилди. Давлат техника хизмати буни носозлик юз бергани билан изоҳлаб, ҳозирда ҳаммаси меъёрида ишлаётгани ҳақида хабар берди.

Мавзуга оид