Жаҳон | 09:25 / 26.11.2022
10104
2 дақиқада ўқилади

Украина разведкаси Россиянинг Беларусдан ҳужумга тайёрланаётгани ҳақидаги хабарни рад этди

Украина Мудофаа вазирлигининг Разведка бош бошқармаси ("ГУР") Россия яқин келажакда Россия Федерациясининг зарба берувчи гуруҳи Беларус армияси билан биргаликда Украинага шимолий чегараларидан ҳужум қилишни режалаштираётгани ҳақидаги хабарларга ишонмасликка чақирди. 

Фото: Ales Petrowitsch / DW

«Бундай ахборот махсус операциясининг мақсади - Украина Қуролли кучларининг Украина шарқида ва жанубида ҳужум салоҳиятини заифлаштириш учун Украинани қўшинларнинг муҳим қисмини Беларус билан чегарага ўтказишга ундашдир. Шунингдек, бу беларусларга гўёки Украинанинг Беларус ҳудудига ҳужум қилиш нияти борлигини кўрсатмоқда ва шу билан беларусларни урушга қўшилишга ундамоқда», дейилади "ГУР"нинг Facebook ижтимоий тармоғидаги баёнотида

Бундан ташқари, бундай хабарлар «Украина жамиятида ваҳима қўзғашга қаратилган ва душман маълумотлари ҳамда психологик махсус операцияларининг бир қисмидир», деб таъкидлади Украина ҳарбий разведкаси. 

У украиналикларни «душман провокацияларига берилмасликка ва фақат расмий ахборот манбаларига ишонишга» чақирди.

Бундан олдин Украина разведкаси Россия Қрим шимолида мудофаа чизиқларини қураётганини маълум қилганди.

Украина ҳарбий разведкаси маълумотларига кўра, Россия қўшинлари аннексия қилинган Қримни ҳимоя қилишга фаол тайёргарлик кўрмоқда ва яриморолнинг чеккасида ҳамда унинг шимолий қисмида мудофаа чизиқларини қурмоқда. 

«Улар Херсон вилоятида Днипронинг чап қирғоғида ҳам, яриморолнинг шимолида - Қрим билан маъмурий чегарада ҳам мудофаа зонасини яратмоқда, хусусан, Жанкойнинг шимолий қисмида иккита позицион ҳудуд қурилмоқда. Бу улар учун жуда муҳим, чунки Украина қўшинларининг қарши ҳужуми натижасида Қрим шимоли Украина Қуролли кучлари учун нишонга айланади», деди Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси («ГУР») вакили Андрей Черняк «Укринформ» агентлигига берган интервьюсида.

Шу билан бирга, у Херсон ва Запорижжя вилоятларидан эвакуация қилинаётган россияликлар ва коллаборантлар Қримга эмас, Россия ҳудудига етиб боришга ҳаракат қилаётганини таъкидлади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид