Жаҳон | 07:53 / 28.11.2022
5469
2 дақиқада ўқилади

Италияда кўчки оқибатида 7 киши ҳалок бўлди

Неапол кўрфази яқинидаги оролда кучли ёмғир туфайли кўчки рўй берди, қутқарувчилар етти кишининг жасадини топди.

Фото: Reuters

Италиянинг Иския оролида кучли ёмғир туфайли юзага келган кўчки қурбонлари сони етти кишига етди. Бу ҳақда 27 ноябрь, якшанба куни Неапол префектураси маълумот берди. Қидирув-қутқарув ишлари давомида яна уч нафар қурбоннинг жасади топилди. Аввалроқ тўрт қурбон ҳақида маълум бўлган эди.

Ҳалок бўлганлар орасида чақалоқ ва 6 ва 11 ёшли икки бола ҳам бор. Беш киши бедарак йўқолганлар рўйхатида. Оролда фавқулодда ҳолат эълон қилинган, қутқарув ишлари тун-у кун давом этяпти.

Фото: AP

Табиий офат натижасида 230 киши уйларидан эвакуация қилинди, деди Неапол префекти Клаудио Паломба.

Кўчки бир кун аввал тонгда кучли ёмғир туфайли содир бўлган. Оролда, метеорологик хизматлар маълумотларига кўра, 120 мм ёғингарчилик кузатилган. 8 минг аҳоли истиқомат қилувчи Казамиччола-Терме шаҳрига лой ва тошли сув оқимлари келиб тушди.

Фото: AP

Италия ички ишлар вазири Маттео Пянтедози вазиятни «жуда жиддий» деб атади. Унинг сўзларига кўра, қидирув-қутқарув ишлари об-ҳаво шароити туфайли қийин кечмоқда. Италия ҳукумати тезкор йиғилишда оролда фавқулодда ҳолат эълон қилди ва табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун 2 миллион евро ажратди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид