Жаҳон | 09:20 / 14.05.2026
1844
3 дақиқада ўқилади

Россияликлар учун Италия визаси олиш янада қийинлашди

Италиянинг Россиядаги VMS ва AlmavivA визa марказлари энди ҳужжатларни воситачилар орқали қабул қилишни тўхтатди. Бу қарор Италиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Пьергабриэле Пападиа де Боттини ди Сант-Аньезе билан боғлиқ можародан кейин қабул қилинди.

Энди россияликлар визa олиш учун ҳужжатларни шахсан топшириши, паспорт ва онлайн рўйхатдан ўтганлик тасдиғини кўрсатиши шарт бўлади. Россия туроператорлари ассоциацияси (АТОР) маълумотига кўра, фақат айрим аккредитацияланган турфирмаларга истисно сақлаб қолинган. Бироқ бунинг учун меҳмонхона, авиачипта ва суғуртани ўз ичига олган тўлиқ турпакет сотиб олиш талаб қилинади.

АТОР фикрича, янги чекловлар россияликларнинг ёзги мавсумда Италияга сафарларини қийинлаштириши мумкин. Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, Москва ва Москва вилоятида яшовчилар визa марказига июнь охиригача навбат ололмаслиги мумкин. Ҳудудлардаги фуқаролар эса июлгача кутишга мажбур бўлиши эҳтимол қилинмоқда.

Виза кўриб чиқиш муддати билан бирга жараён тўрт ойгача чўзилиши мумкин. Шунингдек, ҳужжатлар аввалгидан ҳам қаттиқроқ текширилиши айтилмоқда.

АТОР маълум қилишича, 12 май куни талаб кескин ошган пайтда айрим воситачилар ҳужжат топшириш хизматлари учун 100 минг рублгача нарх сўраган. Кейинчалик бу таклифлар бекор қилинган.

Бир неча кун олдин Италиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Пьергабриэле Пападиа де Боттини ди Сант-Аньезе ҳибсга олингани маълум бўлди. Тергов версиясига кўра, у россияликларга шенген визаларини ноқонуний тарзда олишга ёрдам берган.

56 ёшли дипломат ва унинг ёрдамчиси Татьяна Тараканова қўшимча 4 мингдан 16 минг еврогача пул эвазига ҳужжатлари талабларга жавоб бермайдиган россияликларга узоқ муддатли шенген визаларини расмийлаштириб бергани айтилмоқда.

Италиянинг Il Fatto Quotidiano ва La Repubblica нашрлари хабарига кўра, шу йўл билан камида 95 нафар россиялик Италияга ноқонуний кирган бўлиши мумкин.

Тергов маълумотларига кўра, схемага Москвадаги учта турфирма жалб қилинган. Айрим визa аризалари Telegram орқали қабул қилиниб, расмий тартиблардан ташқари расмийлаштирилган.

Қонунбузарликлар 2025 йил июлида аниқланган. Ҳозирда терговчилар 400 га яқин визa ишини ва Пападиага тегишли тахминан 3 миллион евролик активларни текширмоқда. Дипломат эса бу маблағларни мерос орқали олганини айтмоқда.

Пападиа 2012–2017 йилларда Италиянинг Москвадаги бош консули бўлиб ишлаган. Унинг ёрдамчиси Татьяна Тараканова ҳам ўша пайтда консулликда фаолият юритган. 2024 йил декабрида Пападиа Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхона раҳбари этиб тайинланганидан кейин, Тараканова ҳам унинг ёрдами билан Тошкентдаги визa бўлимига ишга жойлашган. 2025 йил декабрида эса Пападиа лавозимидан четлатилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид