Ўзбекистон | 08:05 / 28.11.2022
10677
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон элчихонаси Малайзияга боришни режалаштирган фуқароларга эслатма билан чиқди

Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси маълумотига кўра, жорий йил ноябрь ойида Uzbekistan Airways авиакомпанияси “Тошкент-Куала-Лумпур-Тошкент” йўналиши бўйича мунтазам авиақатновлари тикланганидан сўнг ушбу мамлакатга турли мақсадларда йўл олаётган мамлакат фуқаролари сони ўсиши кузатиляпти.

Фото: Adobestock

Ҳозирги вақтда Малайзияга кириш учун Ўзбекистон фуқароларига 30 кунгача виза талаб қилинмайди. Малайзия миграция қонунчилигига мувофиқ, Ўзбекистондан келаётган фуқаролар қуйидагиларни тақдим этишлари шарт: амал қилиш муддати 6 ойдан кам бўлмаган хорижга чиқиш паспорти; мазкур давлатга кирган санадан бошлаб 30 кун ичида қайтиш ёки учинчи давлатга бориш авиачиптаси.

Шунингдек, паспорт назоратидан ўтаётганда фуқаролардан меҳмонхона (ётоқхона)ни банд қилгани тўғрисида ҳужжат ва мамлакатда бўлишлари учун етарли маблағ мавжудлигини тасдиқлаш талаб қилиниши мумкин.

Зарур ҳолларда Малайзия ИИВ Миграция департаменти вакиллари чегара ўтиш жойларида (Куала-Лумпур халқаро аэропорти ва бошқалар) чет эл фуқароларига мамлакатга киришни рад этиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистоннинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси Малайзияга боришни режалаштираётган ватандошларни маҳаллий ҳокимият органлари юқоридаги талабларини инобатга олишга чақирган.

Мавзуга оид