Жаҳон | 22:58 / 28.11.2022
8140
2 дақиқада ўқилади

Японияда туғилиш даражаси билан боғлиқ вазият мураккаб экани маълум қилинди 

Расмийлар никоҳлар сонини кўпайтириш ва аҳоли сонининг ўсишига ёрдам бериш учун кенг қамровли чоралар кўришга ваъда бермоқда. 

Фото: AP

Японияда 2022 йилдаги туғилиш даражаси янги минимал даражага тушиб кетиш билан хавф солмоқда, деди мамлакат Вазирлар Маҳкамаси бош котиби Ҳироказу Мацуно. 

«Аҳолининг ўсиши ўтган йилгидан ҳам секинроқ (...) мен тушунганимдек, бу жуда мураккаб вазият», - деб унинг сўзларини келтиради AP. 

Унинг тушунтиришича, 2022 йилнинг январ-сентябр ойларида Японияда туғилган болалар сони қарийб 600 мингни ташкил этган, бу 2021 йилга нисбатан 4,9 фоизга кам. 

2021 йилда мамлакатда 811 минг чақалоқ туғилган эди. 2022 йилда бу кўрсаткич пасайиши кутилмоқда. 

Шу билан бирга, Мацуно никоҳлар сонини кўпайтириш ва аҳоли сонининг ўсишига ёрдам бериш учун кенг қамровли чоралар кўришга ваъда берди. 

AP маълумотларига кўра, Япония дунёда учинчи йирик иқтисодиётга эга бўлса-да, яшаш нархи юқори, иш ҳақи эса секин ўсиб бормоқда. Илгари ҳукумат томонидан қўшимча нафақалар тўланиши каби чоралар кўрилган бўлишига қарамай, демографик ҳолат яхшиланмаяпти. 

Ҳозирда тахминан 124,2 миллион аҳолига эга бўлган Японияда туғилиш даражаси йилдан йилга пасаймоқда. Таққосланадиган бўлса, 1973 йилда мамлакатда 2,1 миллион бола туғилган эди. 

Мамлакат аҳолиси 14 йилдан бери қисқариб бормоқда ва прогнозларга кўра, 2040 йилда туғилиш даражаси 740 минг болани ташкил этади. 2060 йилга бориб эса мамлакат аҳолиси сони 86,7 миллион кишигача камайиши мумкин. 

Ўтган ҳафта ҳукумат комиссияси Япония бош вазири Фумио Кисидага ҳисобот тақдим этди. Унга кўра аҳоли табиий ўсиш суръати пастлиги ва фуқаролар сонининг камайиши мамлакат миллий қудратига зарба бериши мумкин. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид