«Биз Путин ғалаба қилишига йўл қўя олмаймиз» — Бухарестда НАТО саммити бўлиб ўтмоқда
НАТО давлатлари ташқи ишлар вазирлари Россия тажовузига қарши туришда Украинага ёрдам кўрсатишнинг кейинги шакллари ва ҳажмларини муҳокама қилиш учун Бухарестдаги икки кунлик саммитга йиғилишди.
Учрашувни очиб берар экан, альянс бош котиби Йенс Столтенберг НАТО ўз ҳудудининг ҳар бир қаричини босқиндан ҳимоя қилиш учун тайёр туриши ҳақида огоҳлантирди.
У альянс бу можарода иштирок этмаслигини, аммо унинг аъзолари Украинани Россиядан ҳимоялана олиши учун бемисл даражада қўллаб-қувватлашини қайд этди.
«Биз Путин ғалаба қозонишига йўл қўя олмаймиз, акс ҳолда бу бошқа авторитар етакчиларга яшил чироқ ёқиб, уларга ҳарбий куч орқали ўз мақсадларига эришиш мумкинлигини кўрсатади. Бу эса бизнинг дунёни барчамиз учун янада хавфлироқ қилади. Шу туфайли умумий хавфсизлик манфаатларимиз учун Украинани қўллаб-қувватлаймиз», деган Столтенберг.
У Россияни бу урушда шафқатсизликни кучайтиришда айблади ва Европа ҳамда дунёнинг бошқа мамлакатларига юкланган молиявий оғирлик ҳақида эслатиб ўтди.
«Аслида, биз барчамиз Россиянинг Украинадаги уруши учун тўлов қиламиз, аммо биз буни пулда тўласак, Украина қон билан тўламоқда», деган НАТО бош котиби.
Ҳарбий ёрдам
Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба урушдаги ғалаба учун НАТО давлатлари қурол ишлаб чиқариш ҳажмини зудлик билан ошириши даркорлигини маълум қилди.
Politico нашрига берган интервюсида у қурол ишлаб чиқаришга инвестиция киритмасдан узоқ муддатли урушда жанг майдонида ғалаба қозониб бўлмаслигини айтади: «Биз бугунги кундаги жангларда курашар эканмиз, эртанги жангда қандай курашишимиз ҳақида ҳам ўйлашимиз керак».
Кулебанинг сўзларига кўра, сиёсий сабабларга кўра Украинага урушда ёрдам бериши мумкин бўлган қуролларини бўлишишни истамайдиган давлатлар билан музокаралар олиб бориш учун ойларни сарфлаш керак эмас.
«Уларга умид қилиб, уларни ишонтириш учун бир неча ой сарфлаш ўрнига, омборларида нимадир бор бўлган, лекин буни бўлишишни истамайдиган учинчи давлатларнинг инжиқликларига қарам бўлиб қолмаслик учун ишлаб чиқаришни йўлга қўйишимиз керак», деди Кулеба.
У шунингдек, Украинага ҳаммасидан ҳам кўра ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, танклар ва ишлаб чиқариш линиялари зарур эканини таъкидлади.
Саммит давомида иштирокчилар ҳарбий ёрдам ҳажмини оширишни, жумладан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, ўқ-дорилар, ёнилғи, дори-дармон ва қишки жиҳозлар етказиб беришни кўпайтиришни муҳокама қилиши кутилмоқда.
Ҳозирча учрашув иштирокчилари ҳужум қуроллари етказиб бериш масаласини муҳокама қилиши аниқ эмас - Украина томони айнан шундай қуролларни сўрамоқда.
Оғир қиш
Шу саммитда НАТО Украинани қўллаб-қувватлашини билдириб, мамлакатда Россиянинг ракета зарбалари туфайли юзага келган энергетик инқирозни бартараф этишга қаратилган янги ёрдам ҳақида эълон қилмоқчи.
Саммит майдонида АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Украинага сезиларли даражадаги молиявий ёрдам ҳақида эълон қилиши кутилмоқда.
Канада ташқи ишлар вазири Мелани Жолининг айтишича, можаро тез орада тинч йўл билан ҳал этилишига умид йўқлигига қарамай, Шимолий Атлантика альянси Украинани олдиндаги қишда ҳам фаол равишда қўллаб-қувватлашда давом этмоқчи.
«Алалоқибат дипломатик ечим топилади. Ҳар бир можарода шундай бўлади. Аммо биз ҳали бунга яқин келмадик», деган у.
Ғарбдаги иттифоқчилар қимматбаҳо қуроллар етказиб беришни давом эттиришга тобора эҳтиёткорлик билан ёндашаётгани ва Украина ўқ-дориларни тезлик билан сарфлаб юбораётганидан хавотирлар пайдо бўлгани ҳақидаги хабарларга қарамай, Жоли НАТО Украинани кучли даражада қўллаб-қувватлаши ҳақида гапирди.
У Канаданинг Украинага 500 млн Канада доллари миқдоридаги (370 млн АҚШ доллари) қўшимча ҳарбий ёрдам кўрсатишга ваъда берганини таъкидлади. Шунингдек, унинг сўзларига кўра, Россиянинг Украинадаги фуқаролик инфратузилмаларига ҳужумлари Ғарбдаги иттифоқчилар томонидан кўмак кўрсатилишини фақат кучайтиради.
«Биз украинлар бу оғир қишда бардош бера олишини кафолатлашимиз керак», деган ва НАТО давлатлари энергетика вазирлари энергетика инқирозини ҳал этиш йўлларини қидираётганини қўшимча қилган.
Бухарестдаги саммит айнан Руминия пойтахтида 14 йил муқаддам, 2008 йилда Украина ва Грузиянинг НАТОга аъзо бўлиб кириши мумкинлиги тўғрисида қарор қабул қилингани билан аҳамиятлидир.
Владимир Путин бу қарорни Россия хавфсизлигига тўғридан тўғри таҳдид деб атаган ва тўрт ой ўтиб Россия Грузия ҳудудига бостириб кирганди.
Мавзуга оид
00:35
«Европадаги исталган нишонни йўқ қила олади» – Путин «Орешник» яратувчилари билан учрашди
22:08 / 23.11.2024
Путин Курск областини қайтариш муддатини белгилади — Зеленский
17:55 / 23.11.2024
WSJ: Украина ўзининг баллистик ракетасини яратиш устида иш олиб бормоқда
13:12 / 23.11.2024