Ўзбекистон | 20:17 / 29.11.2022
16045
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда ўзбекистонликларнинг рўйхатдан ўтмасдан бўлиш муддати узайтирилиши мумкин 

Янги тартибга кўра, Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистонда 5 кун эмас, балки 30 кун давомида вақтинчалик рўйхатдан ўтмасдан бўлишига рухсат берилиши кутилмоқда. 

Фото: Getty Images

Қозоғистонга келаётган Ўзбекистон фуқароларининг мамлакатда рўйхатдан ўтмасдан вақтинча бўлиш муддати узайтирилади. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси ИИВ томонидан жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган келишув ҳужжатида айтилган. 

«Миллий паспорт эгалари бўлган икки давлат фуқаролари бошқа давлат ҳудудига 30 кунгача вақтинчалик рўйхатдан ўтмасдан бориши ва унинг ҳудудида бўлиши мумкин. Шу билан бирга, фуқаролар ўзларининг келгани ҳақида ваколатли органларни хабардор қилишлари керак. 

Бўлиш муддатини 30 кундан ортиқ, аммо 6 ойдан ошмайдиган даврга узайтириш ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади», — дейилади келишув ҳужжатида. 

Амалдаги талабга кўра, Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистонда вақтинчалик рўйхатдан ўтмасдан 5 кун бўлиши мумкин. Энди унинг муддатини 25 кунга узайтириб, жами 30 кун қилиш таклиф этилмоқда. 

Бундан ташқари, янги ўзгаришлардан бири — аввал икки давлат чегара хизматлари томонидан чиқарилган миграция назорати карталарининг бекор қилинишидир. 

Шартномага кўра, Ўзбекистон фуқароларидан Қозоғистон ҳудудига кирганида қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:

- Ўзбекистон Республикасининг биометрик дипломатик паспорти;

- Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти (чиқиш паспорти);

- Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик бўлмаган паспорти;

- Ўзбекистон Республикасига қайтиш гувоҳномаси (фақат Ўзбекистон Республикасига қайтиш учун);

- ҳаво кемаси экипажи аъзосининг гувоҳномаси (экипаж таркибида саёҳат қилишда);

- ҳукуматлараро фельдъегерлик хизмати ходимининг шахсий гувоҳномаси. 

Мавзуга оид