Жаҳон | 10:37 / 29.11.2022
5661
2 дақиқада ўқилади

Россияда сафарбарлик қурилишларда кадрлар етишмовчилигини кучайтирди

Россия қурилиш саноатида ишчи кучи етишмаслиги 25 фоизга етиши мумкин, деб ёзади «Коммерсант» экспертларга таяниб. Қийинчиликлар пандемия туфайли бошланди ва Украинадаги урушга сафарбарлик вазиятни янада оғирлаштирди.

Фото: Rene Suurkaev / ERR

Россияда эълон қилинган сафарбарлик коронавирус пандемияси натижасида бошланган қурилиш саноатидаги қийинчиликларни янада кучайтирди. Бу қурилишда беш йиллик рекорд даражадаги ишчи кучи етишмаслигига олиб келди: ҳозир саноатда зарур ишчилар сонининг деярли 25 фоизи етишмайди, деб ёзади 28 ноябрь, душанба куни «Коммерсант» Инфратузилма компаниялари миллий ассоциацияси (НАИК) ва Sherpa Group сўровига таяниб.

Илгари кузатилган ишчилар тақчиллиги 2022 йилда геосиёсий омил ва сафарбарлик туфайли ёмонлашди, дея нашр Sherpa Group бош директори Александра Галактионованинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда, у қурилиш ишчиларининг тақчиллигини 20-25 фоизга баҳоламоқда.

"Визави Консалт" ишга қабул қилиш агентлигининг "Қурилиш ва девелопмент" амалиёти бўйича эксперти Наталя Трубчанинованинг сўзларига кўра, қурилиш компанияларида сафарбар этилганларнинг улуши 7-8 фоизни ташкил этган, яна 2-3 фоизи эса ўз ҳудудларига қайтган ёки Россияни тарк этган. Трубчанинованинг фикрича, қурилиш соҳасида кадрлар танқислиги камида 12-15 фоизни ташкил этади, бу охирги беш йил давомида кузатилмаган.

Айниқса, малакали муҳандислар етишмайди, дея тушунтирди «Смарт Инжинирс» бош директори Ҳусайн Плиев. Унинг фикрича, яқин келажакда юқори малакали мутахассислар етишмовчилигини тўлдиришнинг иложи бўлмайди, чунки мавжуд таълим тизими керакли миқдордаги муҳандислар билан таъминламайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид