Жаҳон | 08:51 / 30.11.2022
8882
2 дақиқада ўқилади

НАТО Украинага қўшимча ёрдам беришни ваъда қилмоқда

НАТО давлатлари Киевни «қанча вақт керак бўлса» қўллаб-қувватлашига ишонтирди. Гап энергетика инфратузилмасини тиклаш ва аҳолини ракета ҳужумларидан ҳимоя қилишга ёрдам бериш ҳақида бормоқда.

Фото: AP

НАТО Украинага Россия агрессиясига қарши курашда қўшимча ёрдам беришга ваъда берди. 29 ноябрь, сешанба куни НАТО ташқи ишлар вазирларининг Бухарестда бўлиб ўтган йиғилишида эълон қилинган қўшма баёнотда айтилишича, Украинага «қаршилик кўрсатиш, аҳолини ҳимоя қилиш ҳамда Россиянинг дезинформация ва ёлғон кампанияларига қарши туриш қобилиятини кучайтириш»да ёрдам кўрсатилади.

Бошқа нарсалар қаторида, гап Украинанинг энергетика инфратузилмасини тиклаш ва унинг аҳолисини ракета ҳужумларидан ҳимоя қилиш ҳақида бормоқда. Шу билан бирга, қўллаб-қувватлаш «зарур бўлгунча» кўрсатилиши белгилаб қўйилган.

Шу билан бирга, вазирлар Украинанинг Шимолий Атлантика альянсига кириши учун тезлаштирилган тартиб ҳозирча кутилмаслигини аниқ айтишди. Аввалгидек, бу НАТОнинг 2008 йилги саммити қарори билан оқланади, унинг иштирокчилари Украина ва Грузияни қабул қилишга рози бўлишди - лекин улар биринчи навбатда номзод мамлакатлар учун кўзда тутилган дастурлардан ўтиш шарти билан. Бироқ, бундай дастурлар ҳали бошланмаган, деб ёзади dpa.

Декларацияда, шунингдек, Россиянинг Украинага бостириб кириши тинчлик, хавфсизлик ва фаровонликни хавф остига қўйиши таъкидланган. Фуқаролик инфратузилмасига даҳшатли ҳужумлар орқали Москва миллионлаб украиналикларни асосий ижтимоий хизматлардан маҳрум қилмоқда. Ҳужжатда айтилишича, уруш дунёнинг озиқ-овқат таъминотига ҳам салбий таъсир кўрсатди, дунёдаги энг заиф мамлакатлар ва аҳолини хавф остига қўйди.

«Уруш жиноятлари учун жавобгар бўлган барча шахслар жавобгарликка тортилиши керак», дейилади декларацияда. НАТО Украинанинг тинч аҳолисига нисбатан ваҳшийлик ва инсон ҳуқуқлари бузилишини қоралаб, маҳаллий аҳолини мажбуран кўчириш, аёллар ва болаларга нисбатан қийноқлар, ғайриинсоний муносабатни мисол қилиб келтирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид