Жаҳон | 07:59 / 30.11.2022
7899
4 дақиқада ўқилади

ОАВ: Украиналик маҳбуслар Россиянинг 10 та колонияcига олиб кетилди

Херсон вилоятидан чекиниш вақтида Россия қуролли кучлари 2500 га яқин украиналик асирни Россияга олиб кетди, деб ёзади Навалнийнинг «Сирена» жамоаси нашри. Маҳбуслар Россиянинг турли минтақаларидаги 10 та колонияга жойлаштирилди.

Фото: DW

Херсон вилоятидан чекиниш пайтида рус қўшинлари 2500 га яқин украиналик асирларни Россия Федерациясига олиб кетишди. Бу ҳақда Алексей Навалний жамоасининг «Сирена» нашри ўз маълумотларига, шунингдек, «Русь сидящая» ва Gulagu.net лойиҳалари маълумотларига асосланиб ёзади.

Ушбу маълумотларга кўра, Украинадан келган маҳбуслар Краснодар ўлкаси, Волгоград ва Владимир вилоятлари ҳудудидаги 10 та колонияга жойлаштирилган. Ҳуқуқ ҳимоячилари бир ойдан кейин украиналиклар бошқа колонияларга тарқатила бошлашлари ҳақида бир нечта хабарлар олди - бу уларни бирга сақламаслик учун ёки жиноий моддаларнинг оғирлигига қараб ҳал қилинади.

Украиналик маҳбуслар билан мулоқот қилиш уларнинг яқинлари учун кўп сабабларга кўра қийин - Россиянинг чет элдаги давлат веб-сайтларини ҳатто VPN орқали ҳам очиб бўлмайди, украиналиклар Федерал жазони ижро этиш хизматига хат юбора олмайди ёки "Зонателеком" тизимига қўнғироқ қила олмайди - чунки бу хизматлар Украина карталаридан тўловни қабул қилмайди. «Русь сидящая» ходимлари мурожаатлар бўйича турли ҳудудларга йўл олган. Ноябрь ойи ўрталарида маҳбусларнинг қариндошлари россиялик ва украиналик ҳуқуқ ҳимоячилари билан чат ташкил қилишди, ҳозирда унда 30 га яқин одам бор.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Олга Романованинг сўзларига кўра, Волгоград вилоятидаги ИК-19'га тушган украиналик маҳбуслар қаттиқ калтакланган ва бўш баракларга қамаб қўйилган. Gulagu.net лойиҳаси Краснодардаги ИК-14'да 253 нафар янги келганлар ҳам қаттиқ калтаклангани ва бунга колония раҳбари ҳам аралашганини аниқлади. Gulagu.net сайти раҳбари Владимир Осечкиннинг сўзларига кўра, бундай ҳолатларда электрошокерлардан фойдаланилади.

Шунингдек, манбалар ҳуқуқ фаолларига колониялардаги украиналиклар россияликлардан ажратиб қўйилгани, янги келганлар билан Федерал жазони ижро этиш хизматининг махсус бўлими ишлаётгани ҳақида маълум қилган. Осечкиннинг фикрича, бу украиналик маҳбуслар уларга қандай муносабатда бўлинганлиги ҳақида маълумот бермаслиги учун қилинган.

«Уларнинг кўпчилиги инсон ҳуқуқлари қўпол поймол этилишининг тирик гувоҳлари, бир қатор зўравон жиноятлар, қотилликларнинг далилидир. Уларнинг барчаси гувоҳ ёки жабрланувчи», деб таъкидлайди Gulagu.net раҳбари.

Gulagu.net содир бўлаётган воқеани оммавий ўғирлаш деб атади. «Украина томонидан қамоқ жазосига ҳукм қилинган бу одамларнинг барчасини Украина ҳудудидан Россияга олиб келиш учун қандай асослар бўлган? Қандай қилиб бошқа давлатдан жазога ҳукм қилинган одамларни олиб ўтиш ва Федерал жазони ижро этиш хизмати муассасасида сақлаш мумкин? Улар колонияларда бўлмаган. Россия ҳудудида улар жиноят содир этмаган, бу ҳақиқий қонунсизлик», - дея Осечкиннинг сўзларини келтирган "Сирена".

Ҳуқуқ ҳимоячиларига Ростов вилоятидаги колониялар «махсус ҳарбий операция эҳтиёжлари учун озод қилинаётгани» ҳақида ҳам хабарлар келди: қамоқдаги россияликларни қариндошларига билдирмасдан олиб кетишяпти. Колониялар раҳбарияти чегара яқинида бўлиш «хавфсиз» эканини даъво қилмоқда, лекин юристлар бу колонияларда Украинадан келган маҳбуслар сақланяпти деб ўйлаяпти.

«Агар улар у ерга жазо муддатини ўташ учун юборилган бўлса, унда улардан «инсон қалқони» сифатида фойдаланиш режаси борми?» - дейилади «Русь сидящая» баёнотида.

Мавзуга оид