Жаҳон | 17:50 / 01.12.2022
6491
3 дақиқада ўқилади

Испания бош вазирига бомба солинган мактуб юборилди

Фото: Reuters

Испанияда сўнгги вақт ичида юборилган ва ичида портловчи моддалар бўлган бешта хат ҳақида маълум бўлди. Конвертлар мамлакат бош вазирига, Мудофаа вазирлигига, ҳарбий базага, Украина элчихонасига ва Украина учун қурол ишлаб чиқарувчи компанияга келган.

Ичида Украинанинг Испаниядаги элчихонасида портлаган моддага ўхшаш портловчи мослама бўлган хатлар мамлакат бош вазири Педро Санчес, Испания Мудофаа вазирлиги ва Мадрид яқинидаги мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари базасига ҳам юборилди. Бу ҳақда Испания полициясига таяниб, 1 декабрь, пайшанба куни AFP хабар бермоқда.

Санчес учун мўлжалланган портловчи конверт 24 ноябрь куни унинг хавфсизлик гуруҳи томонидан топилиб, зарарсизлантирилди. Мактуб оддий почта орқали келди, дея хабар беради мамлакат Ички ишлар вазирлиги. 

1 декабрь куни мамлакат Мудофаа вазирлиги ва Торрехон-де-Ардос шаҳридаги ҳарбий авиабазада портловчи моддалар солинган яна иккита хат топилди. Мактуб базада жойлашган ва Украинага маълумот берувчи Европа сунъий йўлдош марказига йўлланган, деб ёзади el Mundo. Базадан, шунингдек, Испания томонидан Украинага тақдим этилган қурол-яроғларни жўнатиш ва юқори мартабали ҳукумат амалдорларининг расмий самолётларда парвоз қилиши учун ҳам фойдаланилади.  

Шу тариқа, Испанияда сўнгги вақт ичида юборилган ва ичида портловчи моддалар бўлган бешта хат ҳақида маълум бўлди. Бир кун олдин бундай конвертлар Украинанинг Испаниядаги элчихонасига ва қурол, шу жумладан Украина учун ҳам ишлаб чиқарувчи Instalaza компаниясига келган. 

Украинанинг Мадриддаги элчихонасига йўлланган мактуб элчи Сергей Погорельцевга мўлжалланган бўлган. Конвертни элчихона коменданти очган, у портлаш натижасида қўлидан енгил жароҳат олган ва ўша куни кечқурун касалхонадан чиқарилган. 

Ўша куни кечроқ Instalaza қурол компаниясида шубҳали конверт топилди. Унда Украинадан жўнатилгани ёзиб қўйилган бўлган, деб хабар берди маҳаллий амалдор SER радиосига. 

Мадриддаги портлашдан хабардор бўлган компания ходимлари полицияга қўнғироқ қилган. Етиб келган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳудудни ўраб олиб, конверт сапёрларга топширилган. Рентген нурлари унинг ичида портловчи қурилма ва очилганда уни фаоллаштирадиган ип борлигини кўрсатган. Пакет бошқариладиган портлаш натижасида йўқ қилинди, ҳеч ким жабрланмади. 

EFE агентлиги маълумотларига кўра, Испания ҳуқуқ-тартибот идоралари Украинанинг Мадриддаги элчихонасида юз берган портлашни эҳтимолий теракт сифатида текширмоқда. 

Мавзуга оид