Жаҳон | 20:13 / 03.06.2025
3800
2 дақиқада ўқилади

Германияда Иккинчи жаҳон урушига тегишли учта бомба сабаб 20 минг киши эвакуация қилинади

Кёлн шаҳрида уруш даврига тегишли портламай қолган бомбалар топилди. Гап оғирлиги 1 ва 2 тоннали Америка бомбалари ҳақида кетмоқда.

Фото: DPA

Германиянинг Кёлн шаҳридан Иккинчи жаҳон уруши даврига тегишли портламай қолган учта бомба топилди. Снарядларни утилизация қилиш ишлари сабаб 20 мингдан ортиқ маҳаллий аҳоли эвакуация қилинади.

Шаҳар маъмуриятининг маълум қилишича, бомбалар топилган жойдан 1 километр радиусда жойлашган Дойц тумани ҳудудидаги бинолар аҳолиси ва меҳмонлари эвакуация қилинади. Бомбаларни чиқариб олиш ишлари чоршанба куни эрталаб, маҳаллий вақт билан соат 08:00 да бошланади.

Гап оғирлиги 1 ва 2 тоннани ташкил этадиган Америка бомбалари ҳақида кетмоқда.

Эвакуация зонасида бошқа нарсалар қатори темирйўл вокзали, шифохона, кўргазма маркази, RTL телерадиокомпанияси, бир нечта мактаб ва болалар боғчалари, меҳмонхоналар, маъмурий бинолар жойлашган. Шаҳар ҳукуматининг таъкидлашича, бу уруш тугаганидан бери амалга оширилган энг катта эвакуацияга айланади.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Ҳонгконгнинг марказий қисмида, метронинг янги йўналиши қурилиши жойида Иккинчи жаҳон уруши замонларидаги портламай қолган 450 килограммлик бомба топилган эди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид