Жаҳон | 10:52 / 01.12.2022
8018
3 дақиқада ўқилади

Украина учун қурол ишлаб чиқарувчи Испания компанияси почта орқали бомба олди 

Испанияда Украина учун қурол ишлаб чиқарувчи компания Украина элчихонаси билан бир кунда почта орқали бомба олди. Хавфли ўрам сапёрлар томонидан зарарсизлантирилди, қурбонлар йўқ. Полиция терактларни тергов қилмоқда. 

Фото: Reuters

Сарагоса (Испания)да жойлашган, жумладан, Украина учун қурол ишлаб чиқарувчи Instalaza компанияси 30 ноябрь куни пакетда портловчи қурилмани почта орқали олди, деб хабар беради Испаниянинг El Periodico нашри. Аввалроқ Мадриддаги Украина элчихонасида почта орқали етказилган худди шундай пакет портлаган эди. 

Instalaza’га етказиб берилган 10 см х 15 см ўлчамдаги пакетда Украинадан юборилгани ёзиб қўйилган, деди маҳаллий SER радиоси ходими. Пойтахтдаги портлашдан хабардор бўлган компания ходимлари полицияни чақирган. Етиб келган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳудудни ўраб олди, конверт сапёрларга топширилди. Рентген нурлари унинг ичида портловчи қурилма ва очилганда уни фаоллаштирадиган ип борлигини кўрсатди. Пакет бошқариладиган портлаш натижасида йўқ қилинди, ҳеч ким жабрланмади. 

Instalaza, бошқа нарсалар қаторида, Испания Россия Қуролли кучларига қарши туриш учун Украинага етказиб берган С30 танкка қарши гранатомётларни ишлаб чиқаради. 

30 ноябрь куни Украинанинг Мадриддаги элчихонасига ҳам етказилган шунга ўхшаш пакет элчи Сергей Погорелцевга йўлланган. Бироқ уни элчихонанинг коменданти очган. Портлаш содир бўлди, натижада ходим қўлидан енгил жароҳат олди. Ўша куни кечқурун у касалхонадан чиқарилди. 

SER маълумотларига кўра, иккала пакет ҳам бир хил жўнатувчига эга ва уларда бир хил электрон почта манзили ёзилган. Мамлакат полицияси икки ҳодиса ўртасидаги боғлиқликни текширмоқда. Испания Миллий суд коллегияси Украина элчихонасида «почта бомбаси» портлаши бўйича дастлабки иш қўзғатиб, воқеани теракт сифатида баҳолади. Испания миллий почта хизмати тергов билан ҳамкорлик қилмоқда. 

Айни вақтда, Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба мамлакатнинг хориждаги барча ваколатхоналарида зудлик билан хавфсизлик чораларини кучайтиришни буюрди. Вазирнинг таъкидлашича, ҳужум ортида ким турган бўлса ҳам у украиналик дипломатларни қўрқитолмайди ёки Украинани мустаҳкамлаш ва Россия агрессиясига қаршилик кўрсатиш бўйича кундалик ишларга аралаша олмайди. 

Мавзуга оид