АҚШ ва иттифоқчилар Шимолий Кореяга қарши янги санкциялар жорий қилди
Чекловчи чоралар КХДР томонидан қатор ракета синовлари, жумладан, ноябрь ойида қитъалараро баллистик ракета учирилишидан сўнг қабул қилинди.
АҚШ, Жанубий Корея ва Япония Пхеняннинг яқинда ўтказган ракета синовларига жавобан Шимолий Кореянинг жисмоний ва юридик шахсларига қарши янги санкциялар жорий қилди. АҚШ Молия вазирлиги 1 декабрь, пайшанба куни эълон қилинган баёнотга кўра, Кореянинг ҳукмрон Ишчилар партиясидан уч киши – Ю Жин, Ким Су Гил ва Жунг Ил Хони КХДРга нисбатан санкциялар рўйхатига киритди. «Учаласи ҳам Шимолий Кореянинг ноқонуний баллистик ракета дастурига бевосита алоқадор», деди АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен. Учаласи ҳам Европа Иттифоқи санкциялари остида.
Ташқи сиёсат идораси бошлиғининг сўзларига кўра, санкцияларнинг кенгайтирилиши Шимолий Корея режимининг «ноқонуний баллистик ракета ва оммавий қирғин қуроллари бўйича дастурларини ишлаб чиқиши»нинг олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатлар бир қисмидир. Пхеняннинг «мисли кўрилмаган» сондаги - 60 дан ортиқ баллистик ракеталарни учиргани, жумладан, бир нечта қитъалараро баллистик ракеталарни синовдан ўтказиши «минтақа ва дунё хавфсизлигига жиддий таҳдид солади», деди у.
Чекловчи чоралар рўйхатига Қўшма Штатлардаги активларни музлатиш ва америкаликларга қора рўйхатга киритилган шахслар билан операцияларни амалга оширишни тақиқлаш киради.
АҚШ ортидан 2 декабрь, жума куни Жанубий Корея ва Япония КХДРга қарши қўшимча санкциялар жорий этишини эълон қилди. Жанубий Кореянинг санкциялар рўйхатига Пхеняннинг ядровий ракета дастурига алоқадор саккиз фуқаро ва етти ташкилот, Япония рўйхатига учта ташкилот ва бир шахс киритилган.
БМТ резолюциялари Шимолий Кореяга қитъалараро ва бошқа баллистик ракеталарни синовдан ўтказишни тақиқлайди. Бироқ, йил бошидан бери Пхенян 60 дан ортиқ бундай синовларни ўтказган.
Халқаро танқидлар фонида КХДР 18 ноябрь куни бир ой ичида иккинчи марта қитъалараро баллистик ракетани денгизга учирди. Эртаси куни Пхенян синовни АҚШни янада самаралироқ тўхтатиб туриш мақсадида Шимолий Кореянинг зарба бериш қудратини кучайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларидаги муваффақият деб атади.
Мавзуга оид
22:07 / 19.11.2024
АҚШ Россия ядро сиёсатининг ўзгариши муносабати билан ўз ядро доктринасини ўзгартирмайди
20:58 / 19.11.2024
Байденнинг рухсати урушнинг боришига қандай таъсир қилади?
18:44 / 19.11.2024
Украина ATACMS ракеталари билан Россия ҳудудига биринчи зарбани берди
16:15 / 19.11.2024