Жаҳон | 07:43 / 02.12.2022
4463
3 дақиқада ўқилади

Макрон: Франция ва АҚШ Россия агрессияси фонида ҳамкорликни кучайтириши керак

Франция президенти давлат ташрифи билан АҚШда. У Россиянинг Украинадаги тажовузи ва бошқа кўплаб инқирозлар фонида АҚШни яна ҳамкорликни кучайтиришга чақирди.

Фото: AFP

АҚШ президенти Жо Байден ва Франция президенти Эммануэл Макрон савдо соҳасидаги зиддиятга қарамай, ўз мамлакатлари ўртасидаги муносабатлар даражасини юқори баҳолади. Байден 1 декабрь, пайшанба куни АҚШга кўп кунлик давлат ташрифи билан келган Макронни Оқ уйда қабул қилди. У «Франция ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги ажойиб дўстликнинг кучи, қатъийлигини» юқори баҳолади.

«Франция бизнинг энг қадимги иттифоқчимиз, озодлик йўлидаги хизматда энг ишончли ҳамкоримиз», деди Жо Байден. Макрон, шунингдек, Франция ва АҚШ ўртасидаги яқин муносабатларни олқишлаб, янада мустаҳкамлашга чақирди. «Россиянинг Украинага бўлган тажовузи, мамлакатларимиз ва жамиятларимизга таъсир кўрсатаётган кўплаб инқирозлар фонида биз ҳамкорликни янада кучайтиришимиз керак», деди Франция президенти.

Байден ва Макрон ўртасидаги музокараларнинг асосий мавзулари Россия ва Украина ўртасидаги уруш, Хитой билан муносабатлар, глобал исишга қарши курашда Америка маҳсулотлари учун субсидиялар бўйича можаро бўлади. Бир кун олдин Эммануэл Макрон АҚШ Конгрессидаги нутқида ушбу субсидияларни француз корхоналарига нисбатан «супер тажовузкор» деб атади ва Ғарб давлатлари ўртасида бўлинишга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Можаро АҚШда август ойида қабул қилинган, Инфляцияни камайтириш тўғрисидаги қонун (IRA) деб номланувчи кўп миллиард долларлик иқлим ва фаровонлик пакетига боғлиқ. Унда иқлимни муҳофаза қилиш ва энергия хавфсизлиги учун 370 миллиард доллар ажратилиши назарда тутилган. Бошқа нарсалар қаторида, қонун электр транспорт воситалари, аккумуляторлар ва қайта тикланадиган энергия манбалари билан боғлиқ лойиҳалар учун субсидияларни назарда тутади. Бу чоралар Европа Иттифоқида кескин танқидларга сабаб бўлди. Европа Иттифоқи Европа компаниялари учун салбий оқибатлардан хавотирда.

Украинадаги уруш ҳақида Эммануэл Макрон бир кун аввал эълон қилинган АВС телекомпаниясига берган интервьюсида яқин кунларда Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар ўтказиш ниятида эканини айтди. У Украинадаги урушни тугатиш бўйича музокаралар ҳали ҳам мумкин, деган фикрни билдирди. «Менинг фикрим ва прагматик ҳаракат йўналишим шуки, мамлакат сиёсий раҳбари билан гаплашиш зарур», — деди Франция президенти.

Мавзуга оид