
Навоийликларда яхши бир одат бор: қай йўналишда бўлмасин, боласида истеъдод учқунларини сезган ота-она уни “Фарҳод” маданият саройига етаклаб боради. Сабаби улар бу ерда фарзандидаги истеъдод учқуни сайқалланиб, келажакда ёрқин юлдузга айланишига ишонишади. Албатта, одамлардаги бу ишонч шунчаки юзага келмаган, “Фарҳод” маданият саройи шаҳарнинг маданият марказига айлана олган. Қолаверса, “Фарҳод” республикада ранг-баранг жанрдаги ижодий йўналишлари энг кўп бўлган маданият саройи ҳисобланади. Бу ердаги 78 та ижодий жамоа ва гуруҳда 1 500 нафардан ортиқ ёшларга санъатнинг турли йўналишида бепул машғулот ўтилади.
1972 йилда Ғозғон мармари ва арман туфидан қуриб битказилган мўъжизавий саройда ҳаёт доим қизғин: бу ерда ҳар куни янги истеъдодлар кашф этилади, янги овозлар санъат майдонига кириб келади, янги ихтироларга қўл урилади.



“Фарҳод” маданият саройи нафақат Навоий вилояти, балки республикада истеъдодларни тарбиялаб, юзага чиқараётган муҳим марказ ҳисобланади. Маданият саройининг кўплаб тарбияланувчилари таниқли санъаткорлар, рассом ва актёрлар, режиссёрлар бўлиб етишган. Жумладан, Гўзал Жуманиёзова (Дилсўз), Ҳамдам Собиров, Жасур Кенжаев, Фаррух Раимов, актриса Юлдуз Ражабова, “Қаҳқаҳа” кулги шоу театри актёрлари Соҳиб Ҳасанов ва Толиб Раҳимов бугун санъат майдонида ўз мухлисларига эга.
“Фарҳод”да фаолият олиб бораётган кўплаб ижодий гуруҳларнинг ёши маданият саройи ёшига тенг. Мустақиллик йилларида уларнинг сафи янада кенгайтирилди. Хусусан, “Садо” карнай-сурнай-доира ансамбли, “Марварид” ва “Фарҳод” миллий рақс хореографик ансамбллари, “Тарона” ва “Ниҳол” ўзбек халқ чолғулари оркестрлари, “Сардоба” фольклор ва этнографик ҳамда “Фаввора” анъанавий ижрочилик ансамбллари, “Эксклюзив” эстрада миниатюралари ёшлар театри, “Қувноқлар ва зукколар” клуби, “Flash Dance” замонавий рақс ансамбли, “Silk Road Band” вокал ва инструментал ансамбли, “Шарқ гавҳари” миллий рақс аёллар хореографик жамоаси ташкил этилди. Ҳозирда ушбу ижодий жамоаларнинг тарбияланувчилари республика ва жаҳон саҳналарида ўз истеъдодларини намойиш қилиб, юқори натижаларни қайд этишмоқда.


























