Жаҳон | 11:02 / 02.12.2022
5436
3 дақиқада ўқилади

Трамп махфий ҳужжатларни сақлаганига оид иш бўйича судда ютқазди

Атлантадаги апелляция суди АҚШ собиқ президенти Мар-а-Лаго қароргоҳида тинтув ўтказилганини унинг ҳуқуқларининг бузилиши эмас, деб топди.

Фото: Reuters

АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп жорий йилнинг август ойида Мар-а-Лагодаги қароргоҳида расмий ҳужжатлар олиб қўйилгани бўйича федерал апелляция судида ютқазди. 1 декабрь, пайшанба куни Жоржия штатининг Атланта шаҳри суди Трамп адвокатларининг юқоридаги ҳужжатларни текширишга йўл қўймаслик ҳақидаги илтимосини рад этди. Бундан ташқари, суд қарорига кўра, унинг қароргоҳида ўтказилган тинтув собиқ давлат раҳбари ҳуқуқларини бузмаган. 

«Собиқ президентнинг уйида тинтув ўтказиш ҳақидаги ордернинг ижро этилиши ҳақиқатан ҳам фавқулодда ҳодиса. Бироқ бу Адлия вазирлигига олиб борилаётган тергов ҳаракатларига аралашиш ҳуқуқини бермайди», - деди судья. 

Шу билан бирга, апелляция суди флоридалик судьянинг қарорини бекор қилди, унга кўра ҳужжатларни текшириш учун махсус эксперт тайинланиши керак эди. Суднинг фикрича, бу фақат тергов ишини секинлаштиради ва мураккаблаштиради. 

ФҚБ 8 август куни Доналд Трампнинг Мар-а-Лагодаги қароргоҳида тинтув ўтказди. 12 август куни Флорида жанубий округи федерал суди АҚШ Адлия вазирлиги талабига биноан тинтув қарори ва унга қўшилган бир нечта ҳужжатларни махфийлик мақомидан маҳрум қилди, уларга кўра Мар-а-Лагода 11 қути махфий ҳужжатлар сақланган.

Ўнлаб ҳужжатлар «ўта махфий», «махфий» ва «яширин» деб таснифланган. Президентлик муддати тугаши арафасида Трамп ушбу ҳужжатларни ўзи билан олиб кетган, аммо АҚШ президентлари қонун бўйича барча расмий ҳужжатларни Миллий архивга сақлаш учун топшириши шарт.

Айни дамда Трамп АҚШ Адлия вазирлиги томонидан учта қонун, жумладан, бир банди миллий хавфсизлик маълумотларига эга бўлишни тақиқловчи жосуслик тўғрисидаги қонунни бузиш эҳтимоли бўйича текширув ўтказмоқда. 

Шунингдек, бу қонун бузилишининг эҳтимолий ҳолатлари бўлиб, унга кўра терговга тўсқинлик қилиш мақсадида ҳужжатларни била туриб йўқ қилиш, яшириш ёки қалбакилаштириш жиноят ҳисобланади. 

Трампнинг ўзи тинтувни сиёсий асосларга эга деб ҳисоблайди ва АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден бошчилигидаги демократларни адлия тизимини суиистеъмол қилишда айблайди. 

Мавзуга оид