Жаҳон | 09:05 / 02.12.2022
9873
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқида Украина тарафдорларининг улуши бироз камайди

Россиядан ўзини ҳимоя қилаётган Украинани Полшада ҳамон респондентларнинг 76 фоизи қўллаб-қувватламоқда. Шу билан бирга, Германияда Украина тарафдорлари улуши 48 фоизгача, Италияда эса 36 фоизгача камайди.

Фото: NDTV

Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан тўққиз ой ўтиб ҳам Европа Иттифоқи аҳолисининг ярми Киевга қурол етказиб беришни қўллаб-қувватламоқда. Айни пайтда, Россия тажовузкорлиги бошланганидан кўп ўтмай - март ойида - бу кўрсаткич олти фоиз пунктга, яъни 56 фоиз эди, бундан 1 декабрь, пайшанба куни эълон қилинган Бертельсман жамғармаси (Дие Die Bertelsmann Stiftung) томонидан ўтказилган сўров натижалари дарак бермоқда.

Полшада Украинани қўллаб-қувватлаш даражаси юқорилигича қолмоқда (76 фоиз). Шу билан бирга, Германияда сентябрда Киевга ҳарбий ёрдам тарафдорларининг улуши март ойига нисбатан 57 фоиздан 48 фоизгача, Италияда эса ҳатто 36 фоизгача камайган, бу бутун Европа Иттифоқидаги энг паст кўрсаткич.

Сўров натижаларига кўра, Европада фуқароларнинг Россия энергия ташувчилардан мустақилликка эришиш учун шахсий фаровонлигини қурбон қилишга тайёрлиги даражаси ҳамон юқори (67 фоиз). Март ойида бу кўрсаткич 74 фоизни ташкил қилган.

Германияда шахсий фаровонликдан воз кечишга тайёрлик даражаси Европа Иттифоқида энг паст кўрсаткичдир: сентябрда у 62 фоизгача тушиб кетган бўлса, март ойида бу кўрсаткич 72 фоизни ташкил этган. Шу билан бирга, Полшадаги респондентларнинг 80 фоизи Россиядан энергия мустақиллиги учун юқори нархларни тўлашга тайёр, бу Европа Иттифоқидаги энг юқори кўрсаткичдир.

Бертельсман фондининг Европа бўйича эксперти Изабель Хоффманнинг фикрича, «Украина билан бирдамликни тугатиш» ҳақида гапиришга асос йўқ. Унинг таъкидлашича, Европа Иттифоқидаги барча респондентларнинг тўртдан уч қисмидан кўпроғи ҳали ҳам украиналик қочқинларни ўз мамлакатларида қабул қилишга тайёр. Испания бу ерда энг юқори натижани қайд этди - 89 фоиз.

Германияда украиналикларни қабул қилишга тайёрлик март ойидаги 86 фоиздан сентябрда 74 фоизгача пасайган. Энг паст кўрсаткич Францияда (72 фоиз). Европа Иттифоқида ўртача ҳисобда респондентларнинг 77 фоизи ўз мамлакатларида украиналик қочқинларни қабул қилишга рози.

Мавзуга оид