Жаҳон | 07:17 / 03.12.2022
4534
3 дақиқада ўқилади

G7 ва Австралия Россия нефти нархи юқори чегараси жорий этилишини қўллаб-қувватлади

Россиядан нефть нархини чеклашдан мақсад Москванинг урушни молиялаштириш учун зарур бўлган фойдасини камайтириш, шунингдек, жаҳон энергетика бозорини барқарорлаштириш, дейди ташаббус муаллифлари.

Фото: Getty Images

Дунёнинг етти етакчи саноат мамлакатлари (G7) ва Австралия денгиз орқали экспорт қилинадиган Россия нефти учун Европа Иттифоқи томонидан келишилган нарх чегарасини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда Германия ташқи ишлар вазирлиги сайтида 3 декабрь, шанбага ўтар кечаси эълон қилинган «Катта еттилик» давлатлари ва Австралиянинг қўшма баёнотида айтилади.

Ташаббусни қўллаб-қувватлаган давлатлар биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан Россияни нефтни бозор нархларидан сезиларли даражада паст нархларда сотишга мажбурламоқчи, яъни: бир баррель учун 60 доллар. Ушбу чеклов 5 декабрдан иш бошлаши режалаштирилган.

2022 йил июнь ойида Бавариянинг Элмау қасрида бўлиб ўтган саммит чоғида G7 давлатлари – АҚШ, Канада, Германия, Франция, Буюк Британия, Италия ва Япония «Россиянинг Украинадаги босқинчилик урушидан фойда кўришига йўл қўймаслик» чораларини кўришга келишиб олдилар.

Ўрнатилган чекловлар ёрдамида G7 аъзолари ва Австралия ҳам жаҳон энергетика бозорини барқарорлаштириш ва Украинадаги уруш оқибатларининг энг қашшоқ мамлакатларга салбий таъсирини юмшатишни истайди, дейилади томонлар 2 декабрь куни эълон қилган баёнотда.

«Бизнинг юрисдикциямиз бутун дунё бўйлаб Россиядан келган нефть ва нефть маҳсулотларини денгиз орқали ташиш имконини берувчи етказиб берувчилар хизматларини тақиқлайди, лекин белгиланган максимал қийматдан ёки ундан пастроқ миқдорда сотиб олинадиган Россия нефти ва нефть маҳсулотлари нархи бундан мустасно», дейилади ҳужжатда.

Шу билан бирга, томонлар Россия нефти ва қайта ишланган маҳсулотларини ўз ички бозорларидан босқичма-босқич чиқариб юбориш мақсадига содиқ қолишларини таъкидламоқда. Россияда ишлаб чиқарилган нефть маҳсулотларининг максимал нархи, уларнинг режаларига кўра, 2023 йил 5 февралдан кучга кириши керак. Аммо унинг даражаси ҳали аниқланмаган.

Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен 2 декабрь оқшомида Twitter'да таъкидлаганидек, Россия нефти нархига чеклов жорий этилиши «глобал энергия нархларини барқарорлаштиришга ёрдам беради» ва «дунё бўйлаб ривожланаётган иқтисодиётларга фойда беради». 

АҚШ молия вазири Жанет Йеллен ҳам Россия нефтига максимал нарх жорий этилишини олқишлади. «Россия иқтисодиёти аллақачон қисқараётгани ва бюджетнинг камроқ рентабелли бўлиб бораётгани сабабли, Россия нефтига нархларнинг юқори чегарасини ўрнатиш Путиннинг энг муҳим даромад манбаини дарҳол камайтиради», деди у.

13 октябр куни Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак Россия Федерацияси нефт нархларини чеклаш механизмидан фойдаланиш орқали уни сунъий равишда чеклашга уринаётган мамлакатларга нефть етказиб бермаслигини айтди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид